Тунисда кечаётган ғалаёнларнинг Ўзбекистонда такрорланиш эҳтимоли қанча?

Тунис

Тунис марказида намойишчилар ва полиция кучлари тўқнашишган. Айрим хабарларга кўра, айрим вазирлар янги муваффақ ҳукумати таркибидан истеъфо ҳам беришган.

Араб матбуотининг хабар беришича, ташкил топганига бор-йўғи икки кун бўлган ҳукуматнинг камида беш нафар аъзоси истеъфога чиққан.

Аввалроқ Бош вазир Муҳаммад Ғаннуший халқни аввалги ҳукуматдан қолган вазирларнинг қўллари тоза эканига ишонтиришга уринганди.

Аммо, янги муваққат ҳукумат таркибидан ҳафсалалари пир бўлганлигини айтган намойишчилар яна Тунис кўчаларига чиқишган.

Тунисда юз берган қўзғолонлар узоқ йиллардан бери ҳукм сурган президент ҳукуматининг қулашига етаклар экан, Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлари - Миср, Жазоир, Марокаш ва ҳатто Ливияда Тунисдагига ўхшаш руҳдаги халқ норозилиги кузатилмоқда.

Кўп таҳлилчилар Ўзбекистондаги тизим ва Тунис ўртасида ҳам параллелларни чизишмоқда. Ўзбекистонда ҳам Тунисдаги каби йирик сонли ишсиз ёшлар қатлами мавжуд ва нарх-наволар ўсиб бормоқда.

Лекин, Тунисдаги воқеалар тўлқини Ўзбекистонга етиб боради дейиш қанчалар тўғри? Ушбу савол билан биз Халқаро Инқироз Гуруҳи раҳбари Андрю Штролайнга мурожаат қилдик:

Андрю Штролайн: Агар репрессив ҳукуматлар ва мухолифатнинг овози ўчирилиши ҳақида гап кетса, Ўзбекистон ва Тунис ўртасида ўхшашликлар жуда катта. Аммо, Тунисдаги воқеалар бошлаган домино таъсири Ўзбекистонга ҳам етиб боради дейишга анча эрта. Яқин Шарқ ва Ўзбекистоннинг ўтмиши фарқ қилади бир-биридан. Албатта, Ўзбекистонда ҳам ўзгаришлар юз берса яхши бўларди, лекин бугунги кунда бу бир орзу холос.

Би-би-си: Ўхшашликлар ҳақида батафсилроқ тўхталсак, қандай ўхшашликлар бор?

Андрю Штролайн: Қисқа қилиб айтганда, Тунис ҳам, Ўзбекистон ҳам авторитар диктатура. Бундай тизимлар бир неча ўн йиллаб ҳукмронлик қилади. Мухолифат ё босимга олинади ёки Ўзбекистондаги каби мутлақо йўқ. Матбуот бўғилган, интернет ҳам цензурага учраган. Фуқаролар ҳуқуқлари қаттиқ чекланган. Иккала мамлакат ҳам ўта қаттиқ паранояга асосланган менталитет билан бошқарилмоқда. Одамлар қўрқувда яшайди, чунки хавфсизлик кучлари буткул ўзбошимчалик билан амал қилади. Одамлар, албатта, даҳшатли қамоқхоналарда қийноқларга тутилишни истамайдилар, шундай экан, одатда тинч ўтирадилар.

Би-би-си: Аммо, Сизнингча, вазият ёмонлашиб кетаверса, бу алал-оқибат қўзғолонларга етаклайдими? Балки, Ўзбекистонда вазият у қадар ёмон эмасдир?

Андрю Штролайн: Алал - оқибат бу диктатураларнинг бари барбод бўлади. Натижа ҳар доим бир хил. Баъзилари бир неча ўн йиллаб, баъзилари эса, ундан ҳам узоқроқ қудратда бўлади, лекин бир кун куни битади. Икки ҳафта аввал ким Тунисда 23 йил ҳукм сурган президент Бен Али ағдарилишини тасаввур қилганди? Бу нарсалар кутилмаганда юз бериши мумкин. 1989 йилда Совет Иттифоқида бошланган воқеалар ҳам иттифоқнинг барбод бўлишига етаклашини ҳеч ким кутмаганди. Ҳатто, минтақа экспертлари ҳам кутмаганди бундай натижани. Диктаторлар жинни эмас, улар диктатуралар бир кун барбод бўлишини билишади. Айнан шунинг учун, қаттиқ босимни қўллаб боришади. Аммо, бир кун бу босим иш бермай қўяди. Бу ҳали Ўзбекистонда ҳам юз беради ва у кўп тартибсизликларга сабаб бўлади.

Би-би-си: Агар Президент Каримов режими қуласа, нималар бўлади, деб ўйлайсиз?

Андрю Штролайн: Ҳукмрон оиланинг мол-мулки, албатта, нишонга олинади. Бунга Қирғизистонда ҳам гувоҳ бўлгандик, Тунисда ҳам шундай бўлди. Одамлар бу рамзий ҳаракатлар билан ўз ғазабларини изҳор қилмоқчи бўладилар. Гулнора Каримова мамлакатни назоратга қилишга уринади деб айтмаган бўлардим, чунки у ўз мусиқий клиплари ва тақинчоқ дизайнлари билан жаҳон саҳнасида ўрин яратишга уриниб келаяпти. У Элтон Жон каби одамлар билан дам олиб, шундай бир ҳаёт кечиришни истайди. Хавфсизлик кучлари уни ҳимоя қилишади деган фикрда эмасман. Менимча, Ўзбекистонда агар Каримов ағдарилса, жуда катта тартибсизликлар юзага келади. Бу режимлар шунчалар пўлат мушт билан бошқариладики, у мушт йўқолганда, бошбошдоқлик ва зўравонлик авж олади.

Би-би-си: Тунисда қўзғолонлар келиб чиқишида интернетдаги ижтимоий мулоқот саҳифалари ва телефон видео чақириқлари катта рол ўйнагани айтилади. Аммо, Ўзбекистонда кўп одамлар интернетдан фойдаланмайди. Ўзи ҳозирда халқ кўтарилиши учун қандай инструментлар қўлланилади?

Андрю Штролайн: Менимча, интернет ва фейсбук каби саҳифаларнинг ролини жуда ошириб кўрсатиш нотўғри. Албатта, у Тунисда катта рол ўйнади, лекин асосий нарса шуки, оддий одамлар кўчаларга чиқиб, норозилигини изхор қилишга бел боғлашганди. Буни Каримов ҳам билади, шунинг учун, у Андижонда кўчага чиққан юзлаб инсонларни оттириб ташлади. Каримов бу катта таҳдид эканини биларди. Интернетни билмаган халқ ўзаро бирлашиб, кўчаларга чиқа олмайди, дейиш нотўғри. Интернет ҳали кашф қилинмаганда ҳам халқ қўзғолонлари бўлиб келган. Унинг устига, Ўзбекистон халқи жуда яхши таълим олган, ақлли одамлардан ташкил топган. Ўзбекистон халқи қашшоқликка ботган илмсиз одамлар эмас, ўзбек халқи орасида жуда ўткир одамлар кўп.