Жиззахда фермерларга томорқа ажратиш тартиби тўхтатилмоқда

Image caption Ўзбекистонда фермерлар қишлоқ хўжалигига давлат томонидан ўрнатилган чекловлардан шикоят қилиб келишади

2011 йилда Жиззах вилоятидаги фермерларга томорқа учун ер ажратилмайди. Вилоят ҳокимиятидаги мулозим исмини ошкор қилмаслик шарти билан Би-би-сига маълум қилишича, ҳокимнинг ички қарори шундай.

Шу кунгача фермерлар ўз ишчиларига томорқа учун ер ажратиш ва ғалла хосилидан улуш бериш орқали ҳақ тўлаб келган.

Агар томорқа учун ер ажратилмаса, Жиззах фермерлари бу йил ишлаётган ерларига ўзлари учун ҳеч қандай экин эколмаслиги мумкин.

"2006 йилгача умумий майдонга нисбатан томорқа учун 5% ер бериларди. 2006 йилдан сўнг бу миқдор пахта гектарига нисбатан 5% бўлди. Энди фойдаланишга яроқли ер майдонини 100 фоиз деб оладиган бўлсак, ўшанинг 50 фоизига пахта, 50 фоизига ғалла экилса, томорқа учун 1 сотих ҳам жой ажратилмайди," - дейди вилоят ҳокимиятидаги масъул шахс.

Шу вақтгача фермерга берилган ернинг 5 фоизидан фермернинг ўзи ҳам, ишчилари ҳам томорқа сифатида фойдаланган.

Ёзда ғалла пишган маҳал фермер ғалладан ишчиларига ва ўзига улуш оларди. Яъни томорқа ва ғалла ҳақ сифатида бериларди.

Аммо, бу йилдан бошлаб томорқа умуман берилмаслигига қарор қилинар экан, фермер ё унинг ишчилари учун ундан сўнг қандай тарзда ҳақ бериш тизими ҳозирча ишлаб чиқилмаган.

Фермерларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи жиззахлик Саида Қурбонованинг айтишича, томорқа ўрнида ҳар ойда берилиб бориладиган маош киритилиши мумкин. Аммо кўпчилик фермерлар бундай бўлишига ишонмайди.

"Мен фермерларнинг ўзлари билан гаплашдим. Улар, ишчиларга биз нақд пул беролмаймиз, ер беришга кўникиб қолганмиз, дейишаяпти. Ҳозир нафақа ва маошлар учун нақд пул топиб берилмаяпти. Ҳаттоки пластик карточкага пул солиб бериш муаммо бўлиб қолган," - дейди Саида Қурбонова.

Вилоят ҳокимияти қарори кучга кириб, барча томорқа учун ажратиладиган ерлар олиб қўйилса, ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, ишчилар фермернинг қўлида ишламаслиги мумкин.

"Фермерлар одамларга даладан томорқа бермаса улар ишламайди. Чунки фермерлар нақд пул беролмайди. Уларнинг ҳаражати даромадидан кўп бўлиб кетади," - дейди Қурбонова хоним.

Фермерлар ҳосилни етиштириш учун сарфланадиган нефть маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар ва транспорт ҳаражатлари давлат пахта ва ғаллани сотиб олаётган нархдан қиммат эканлигини айтишади.

Ўзбекистонда ерлар фермерларга кўп йилга ижарага берилган бўлса-да, нима экиш ва маҳсулотнинг баҳосини давлат белгилаб беради.

Жиззах вилоятида экин ерларини томорқа учун ажратиш тартиби фермер хўжаликлари ташкил топганидан буён қисқартирилиб келинади.

Илк йилларда томорқа учун 20 фоиз ер ажратилган, сўнг бу кўрсатгич 10 фоизга, охирги йилларда эса 5 фоизга қисқарганди.