CPJ: 'Баррозо Ўзбекистондаги матбуотнинг аянчли аҳволига эътибор қаратсин'

Image caption "Ўзбекистондаги матбуотнинг аянчли аҳволига эътибор қаратилсин"

АҚШда жойлашган Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси Оврўпо Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозага мактуб йўллаб, президент Каримов билан учрашуви чоғида Ўзбекистондаги матбуотнинг аянчли аҳволига эътибор қаратишни сўраган.

Қўмита раиси Жол Саймоннинг таъкидлашича, Оврўпо Иттифоқи ўзаро муносабатлар жаноб Каримовнинг Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ инқирозни ўнглаш юзасидан қадамлар қўйишига боғлиқ эканини аниқ-таниқ айтиши керак.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси ўз мактубида президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов дохил, камида олти журналистнинг ҳамон қамоқхонада қолаётганини айтган.

Ўзбекистон президенти билан Брюссель ўртасидаги ҳар қандай мулоқот Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги таъминланиши шарти асосида ўтиши керак, дейилади Оврўпо Иттифоқи раҳбариятига йўлланган мурожаатда.

Журналистларни Ҳимоя Қилиш қўмитаси раҳбари ўз мактубини амалдаги воқелик билан далиллайди. Қатор веб саҳифалар - Фергана.ру, Сентр Айже, Лента, Би-би-си Ўзбек Хизмати, Озодлик ва Немис Тўлқини радиолари тақиқланган, дея мисоллар келтирилган.

Ўзбекистонда мустақил журналистлар қўйган ҳар бир қадам назорат остида, деб ёзилади мурожаатда.

Image caption Президент Каримовнинг Брюсселга сафари Ғарб матбуоти эътиборини ўзига тортмай қолмаган

Ислом Каримовнинг Брюсселга сафари қатор Ғарб матбуотида “Оврўпо Иттифоқини ноқулай аҳволга соладиган воқелик” сифатида талқин этилмоқда.

“Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқини кетма-кет хижолатга қўймоқда” – деб ёзади Financial Times нашри.

Ислом Каримовнинг Оврўпо Иттифоқи раҳбарияти билан келаси душанба куни кутиладиган учрашувларини танқид остига олаётган ушбу рўзнома ва яна қатор бошқа Ғарбдаги веб саҳифалар олти йил аввалги Андижон қирғинини ёдга олишган.

“Энг шафқатсиз диктаторлардан бирини қабул қилиётган Оврўпо Иттифоқи инсон ҳуқуқлари гуруҳларини ташвишга солмоқда” –деб қайд этади Financial Times.

Нашр 2009 йили Ўзбекистон НАТО учун Афғонистонга борадиган шимолий таъминот йўлини очишга рози бўлиб, ўз геосиёсий аҳамиятини оширганини қайд этади.

Чунки НАТОнинг Покистон орқали Афғонистонга борадиган жанубий таъминот йўли сўнгги йилларда тинимсиз Толибон ҳужумларига тутилмоқда.

Бироқ Financial Times Ислом Каримов ҳақида сўнгги пайтлари нафақат Марказий Осиёда, балки Ғарбда ҳам фикрлар ижобий тарафга ўзгаргани эҳтимолини эслатади.

“Ўтган июнда жанубий Қирғизистондаги зўравонликдан қочган ўзбекларга бошпана бериш орқали, Ислом Каримов зўравонликнинг авж олиб кетишини тўхтатиб қолган шахс сифатида Ғарбдаги фикрларни ўз фойдасига ўзгартирди” – деб ёзилади Financial Times мақоласида.

“Ўзбек қирғини Баррозо-Каримов учрашуви узра муаллақ туради” сарлавҳали мақола берган euobserver.com веб саҳифаси эса, ОИ ичкарисидаги номи ошкор этилмаган манбаларга таянган ҳолда, Брюссель вакиллари Тошкент билан “самарали мулоқот” исташаётганини урғулайди.

Жаноб Баррозо эса, Оврўпо Иттифоқи номидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид абгор ҳолат, сиёсий маҳбуслар ҳамда матбуот эркинлиги масалаларини кўтариши ҳам билдирилган.

Аммо бу масалалар учрашувларда нақадар қатъий қўйилиши маълум эмас.

Ўзбекистонлик дипломатга таяниб ёзаётган euobserver.com Тошкент ҳам ҳозир Оврўпо Иттифоқи қўлловига эҳтиёжмандлигини урғулайди.

“Қўшни Тожикистон тиклашга интилаётган Роғун ГЭСи қурилишини тўхтатиш йўлида Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқидан мадад истайди. Чунки бирон табиий офат рўй берса, улкан ГЭС тўғони минтақада жуда йирик инсоний инқирозни юзага келтиради, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми сув остида қолади ва Оврўпо Иттифоқига қочадиган қочқинлар сони ошади” – деб таъкидлайди мақола.

Президент Каримовнинг Брюсселга сафари шахсий блогларда ҳам баҳслар қўзғамоқда.

Таҳлилчи Жереми Друкер еastofcentre.tol.org вебсаҳифасида ёзар экан, “Оврўпо Иттифоқи Ислом Каримов сафарини кўпчиликка билдирмасдан, жимгина ўтишини истаяпти” – деб қайд этади.

Мақола инсон ҳуқуқлари фаолларидан иқтибос келтираркан, агар Оврўпо Иттифоқи бу сафар борасида кенг оммага маълум қилса, у ҳолда нега диктаторни қабул қилаётгани ҳақида изоҳ бериши керак. Шу қаторда Ислом Каримовдан керакли саволларни сўрашни истаётган журналистларга ҳам рухсат бериши лозим бўлади, деб урғулайди.