Британия Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Покистондаги иттифоқчиси фаолиятини тақиқламоқчи

Британия Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг иттифоқчиси бўлган Покистондаги энг йирик "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" жангари гуруҳининг фаолиятини тақиқламоқчи. Сиёсатчиларга кўра, террорчилик хавфининг олдини олиш учун шундай йўл тутишга мажбур бўлишмоқда. Айни масала шу кунларда британ парламентида муҳокама этилади. Гуруҳ Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ва ҳукумат назорати остида бўлган қавмлар яшовчи беқарор Вазиристон минтақасида амал қилади. Айрим маълумотларга кўра, Покистондаги таниқли Толибон қўмондони Ҳикматуллоҳ Маҳсуд бошчилик қилувчи жангари гуруҳ аъзоларининг сони 30-35 минг кишини ташкил этади. "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" гуруҳига 2007 йилда "Ал-Қоида" тармоғи билан яқиндан ҳамкорликда ўша пайтда Покистондаги Толибон ҳаракатининг йўлбошчиси бўлган марҳум Байтуллоҳ Маҳсуд томонидан асос солинган. Гуруҳ ҳозирда Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини ҳам дастаклаб келиши айтилади. "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" жангари гуруҳининг фаолияти Покистон дохил қатор Ғарб давлатларида тақиқланган. Биз Покистоннинг Пешовар шаҳридан журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзай билан боғланиб, энг аввало ушбу жангари гуруҳнинг фаолияти ҳақида сўрадик:

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" толибларнинг Покистондаги энг йирик жангари гуруҳи ҳисобланади. 2007 йилда ташкил этилгандан буён унга Покистондаги бошқа Толибон ва жиҳодчи гуруҳлар ҳам қўшилишган. Гуруҳ қарийб бутун Вазиристон минтақаси бўйлаб фаолият олиб боради. Бундан ташқари беқарор Сват водийсининг катта қисмини ҳам назорат қилади. Покистоннинг бошқа кўплаб минтақаларидаги жангари гуруҳлар билан ҳам алоқаси бор. Шу сабаб, ўз қанотларини кенгайтириб, кундан-кунга кучайиб бормоқда. Уларнинг Афғонистондаги Толибон ҳаракати, "Ҳаққоний" ва "Ал-Қоида" тармоқлари билан ҳам алоқаси бор.

Би-би-си: Айрим манбаларда ушбу жангари гуруҳнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ҳам иттифоқчилик қилиши айтилади. Бу икки гуруҳ орасидаги алоқалар борасида сизга нималар маълум?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасининг катта қисмини назорат қилгани учун, гуруҳ дунёнинг ҳар қандай чеккасидан келаётган гуруҳларга бошпана бериб келади. Уларнинг орасида араблар, марказий осиёликлар ва афғонлар ҳам бор. Худди шунинг учун ҳам "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" ҳали Тоҳир Йўлдош бошчилиги пайтида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати гуруҳига ҳам Шимолий Вазиристон ва ҳам Жанубий Вазиристондан бошпана берган. Икковлоннинг ораларидаги алоқалар ниҳоятда мустаҳкам. Лекин бу гуруҳларнинг орасида энг кучлиси "Теҳрик-и-Талибан Пакистан"дир. Шу сабабдан ҳам, у қолган барча гуруҳларга ҳомийлик қилиб, уларга бошпана бериб келади. Чунки хорижий жангарилар уларнинг ҳомийлигисиз иш юрита олишмайди.

Би-би-си: Агар битта Ўзбекистон Исломий Ҳаракати мисолида айтадиган бўлсак, "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" гуруҳининг ҳомийлиги ва ёрдами айнан нималарни кўзда тутади?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Гуруҳ уларга яшаш учун жой беради, ҳарбий тайёргарликдан ўтишларига ёрдам беради, қурол-яроғ билан таъминлайди, маҳаллий ҳукумат ва хавфсизлик кучларидан ҳимоя этади...Улар бунинг эвазига биргалашиб Покистон ҳукумати ва қуролли кучларига қарши уруш олиб боришади. Буни икки томонлама манфаатли ҳамкорлик, деб аташ мумкин.

Би-би-си: Сиз "Теҳрик-и-Талибан Пакистан" толибларнинг Покистондаги энг йирик жангари гуруҳи деяпсиз. Шундай экан, биз бу гуруҳни минтақага қанчалик жиддий таҳдид деб баҳолашимиз мумкин?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Гуруҳ АҚШ дохил айрим Ғарб давлатларида ҳужум уюштириш режасида эканини даъво этиб келади. Дейлик, Нью Йоркнинг "Таймс" майдонида ҳужум уюштириш режасида бўлган жангарилардан бирининг тайёргарликдан ўтиш учун Покистонга ҳам боргани айтилганди. Демоқчиманки, шунга ўхшаш ҳужумларнинг айримлари ушбу гуруҳга алоқадорликда кўрилади. Аммо гуруҳ Ўзбекистон ёки бошқа бирор бир Марказий Осиё давлатида ҳозирча бунга қодир бўлган, деб айтолмайман. Лекин энг муҳим жиҳати, гуруҳнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ҳамкорлигидир.

Би-би-си: Мана, ушбу жангари гуруҳнинг фаолияти Покистоннинг ўзида ва Америкада ҳам тақиқланган. Энди эса, Британия ҳам унинг фаолиятини ман этмоқчи. Шундай экан, буларнинг барчаси ушбу гуруҳнинг фаолиятига қанчалик таъсир қилиши мумкин?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Мен жиддий таъсир кўрсатади, деб ўйламайман. Сиз бунга ўхшаш гуруҳларнинг фаолиятини тақиқларкансиз, энг аввало ҳисоб рақамларини музлатасиз. Парвоз қилишларини чеклайсиз. Британия ёки Америкага келишларига имкон бермайсиз. Мен гуруҳ аъзоларининг Британия ёки Покистон банкларида ҳисоб рақамлари бор деб ўйламайман. Яъни улар маблағларини ўзларига хайрихоҳ бўлган бирор бир шахс ёки ташкилотнинг ҳисобида ушлашади. Иккинчидан, улар Британия ёки Америкага сафар қилишмайди. Учинчидан эса, гуруҳ Покистоннинг жуда чекка минтақасида яшаб, фаолият юритади, шунинг учун ҳам бу тақиқларнинг барчаси рамзий бир маънога эга, холос.

Би-би-си: Гуруҳнинг бугунги кундаги фаолиятига қандай баҳо берасиз? Гуруҳ ҳозир қанчалар фаол?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Гуруҳ Покистонда ниҳоятда фаол. Қавмлар яшовчи минтақаларда ҳали қарасангиз портлаш, ҳали қарасангиз худкушлик ҳужуми амалга оширилади, ҳали қарасангиз хавфсизлик кучлари ҳужумга тутилади... Дейлик, куни-кеча Покистон Қуролли кучларининг Вазиристондаги жамлоғини ҳужумга тутишди. Уч аскар қурбон бўлди. Яқиндагина Пешовардаги мактаб қаршисида портлаш юз берди. Буларнинг барчасида ушбу гуруҳ ёки уларнинг иттифоқчиларининг қўли бор. Гуруҳ фаол. Шу сабабдан ҳам, Покистон армияси уларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда. Американинг учувчисиз учоқлари ҳам уларни ҳужумга тутмоқда. Аммо гуруҳ ҳалича мағлуб бўлмаган. Шунинг учун ҳам уруш давом этмоқда.