"Чегара Билмас Мухбирлар" ўзбек раҳбарининг Брюсселга сафарини қоралади

"Чегара Билмас Мухбирлар"
Image caption "Чегара Билмас Мухбирлар"га кўра, Ислом Каримовнинг Оврўпо Иттифоқи пойтахтига сафари "инсон ҳуқуқларининг юзига урилган шапалоқдир"

Парижда жойлашган "Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти Оврўпо Иттифоқининг 24 январ куни Брюсселда Ўбекистон Президенти Ислом Каримовни қабул қилиш қароридан хафсаласи пир бўлганини айтган.

"Чегара Билмас Мухбирлар"га кўра, инсон ҳуқуқлари борасида сезиларли силжишга эришилмаганига қарамай, Ўзбекистондаги "шафқатсиз диктаторликка илтифот кўрсатилаётганини тушуниш қийин".

Айни дамда Ўзбекистон Давлат Ахборот Агентлиги Президент Ислом Каримовнинг Брюсселга Оврўпо Иттифоқи Комиссияси Президенти Жосе Мануел Барросо таклифига биноан ташриф буюришини айтган.

Агентликка кўра, жаноб Каримов сафари чоғида "Ўзбекистоннинг Оврўпо Иттифоқи ва НАТО билан муносабатларининг бугунги аҳволи ва ривожлантириш истиқболларига оид, шунингдек, томонларни қизиқтирадиган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинади".

Агентлик, шунингдек тарафларнинг "турли соҳалардаги ҳамкорлигини чуқурлаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Аммо Ўзбекистон Давлат Ахборот Агентлиги имзоланажак ҳужжатлар тафсилотига тўхталмаган.

"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилотига кўра, Брюсселдаги учрашув кун тартибида "фундаментал эркинликлар масаласининг йўқлиги инсон ҳуқуқларининг юзига тортилган шапалоқдир".

Би-би-си "Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилотидан Элза Видал билан боғланди.

Элза Видал: Биз Ислом Каримовнинг келаётган душанба куни Оврўпо Комиссияси президенти Барроссо ва шунингдек, бошқа Орвўпо ва НАТО мулозимлари томонидан қабул қилинишини эшитиб, хафсаламиз жуда-жуда пир бўлди. Биз йиллар давомида Оврўпо Иттифоқи Ўзбекситон билан муносбатларда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасида қатъийрок мавқеъни эгаллаши керак, деб келамиз. Биз Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган жазо чораларини ҳам бекор қилмаслика чақирганмиз. Аммо Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон билан қанақадир ғалати мулоқот йўлини танлади. Аммо бу мулоқотнинг натижасига қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқидан хоҳлаган нарсасини олаяпти ва эвазига ҳеч қандай ўзгаришга қўл ураётгани йўқ: журналистлар қамоқда; инсон ҳуқуқлари фаоллари қамоқда; таъқиблар, қатағонлар давом этаяпти.

Би-би-си: Хабарларга кўра, Президент Каримов билан Брюсселдалик чоғида ҳеч қандай матбуот анжумани режаланмаган. Журналистлар ундан савол сўраш имконига эга бўлмайдилар. Оврўпо Иттифоқи тажрибасида бу одатий ҳолми?

Элза Видал: Оврўпо Иттифоқининг бу қарори умуман тушунарсиз. Эҳтимол, жаноб Барроссо бошқа, демократик давлат раҳбарини қабул қилаётган бўлганида тушуниш мумкин бўларди. Аммо унинг Президент Каримовни журналистларнинг ноқулай саволларидан ҳимоя қилаётгани, энди дипломатиянинг чегарасидан чиқиш дегани менимча. Бу Каримовнинг тарафини олиш билан баробар, бизнингча. Афтидан бу бир хусусий ташрифга ўхшаб қолаяпти. Ваҳоланки, яқинда жаноб Бароссо бошқа Оврўпо Иттифоқи мулозимлари билан Қафқосга сафар қилган ва у ерда инсон ҳуқуқлари сўз эркинлиги масалаларни мубоҳаса этганди. Худди шу манзарада жаноб Каримов билан учрашув кун тартибида фундаментал ҳуқуқлар масаласининг йўқлиги умумий дипломатик тармоқдан узилиб қолаётгандек кўринаяпти.

Би-би-си: Аммо Президент Каримов Брюсселда кутиб олинаётган биринчи президент эмас. Оврўпо Иттифоқи Қозоғистон раҳбари Назарбоевга ҳам, Туркманистон Президенти Бердимуҳаммедовга ҳам шундай иззат-икром кўрсатган. Нима учун Каримовнинг ташрифига бунчалик кўп эътибор қаратяпсизлар?

Элза Видал: Гапингиз тўғри, аммо мен Президент Назарбоевни Президент Каримов билан бир қаторга қўймаган бўлардим. Гарчи Қозоғистонда ҳам қатор муааммолар мавжуд бўлса-да, уни Ўзбекистон билан қиёсламаслик керак. Ўзбекистондаги режим анча қатиққўлроқ. Туркманистон масаласида, ҳа, сиз ҳақсиз. Оврўпо Иттифоқи инсон ҳуқуқлари тамойилларига амал қилиш мажбуриятига эга. Биз иттифоқ раҳбарларининг қарорларидан қатъи назар уларга бу мажбуриятларини эслатишда давом этаверамиз.