Президент Каримов: 'Андижон воқеаларида маҳаллий раҳбарлар айбдор'

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳрида юзлаб одамларнинг ўлимига олиб келган воқеаларда маҳаллий раҳбарларни айблаган.

21 январ куни Тошкентда Вазирлар Маҳкамасининг йиғинида гапирган жаноб Каримов ҳодисалар ортида ижтимоий муаммолар турганини тан олган.

"Андижон раҳбарлари қандайдир бемаза ишларга берилиб, ўзини йўқотиб, бепарво бўлиб, ҳаром ишларга берилиб кетганлари шунча одамларни хароб қилди. Мана шу Андижон воқеаларида қатнашганларни ҳам мана, вақт ўтганда айтмоқчиман. Очиқ айтаман, президент бўлиб очиқ айтаман. Ҳаммасиям ўзбек боласи. Шунинг учун кимки қандай қатнашган бўлмасин, мен шахсан ўйлайманки, шахсан, ўзим, шахсий фикримни айтаяпман, ўйлайманки, барибир шуларнинг олдида қандайдир, раҳбарнинг албатта бурчи бор. Барибир, қандай бўлмасин, барибир, ким, қандай шу воқеаларга қатнашмасин, хали-бери мени қийнайдиган томонлари борки, ўз вақтида уларга эътибор бермадик. Бунақа воқеалар бошқа пайдо бўлмаслиги учун ҳамма жойда биринчи навбатда халқ дарди, инсон дарди билан яшашимиз керак", - деб айтган Президент Каримов.

Ўзбекистон раҳбари бундан қарийб 6 йил муқаддам юз берган қонли воқеаларда Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг айби борлигини биринчи марта эътироф этган.

Бунга қадар жаноб Каримов исломий ғалаён деб тасвирланган ҳодисаларда халқаро террорчилар, ғарб давлатлари ва журналистларини айблаганди.

Ҳодисалар юзасидан кечган маҳкама жараёнларида айбланувчилар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси исёнчиларга молиявий ёрдам бергани ҳақида гувоҳлик беришган.

Брюсселга сафар

Президент Каримовнинг Андижон воқеалари юзасидан баёноти унинг Брюсселга сафари олдидан янграган.

Ғарбдаги ноҳукумат ташкилотлари Оврўпо Иттифоқи ва НАТОнинг "ўзбек диктатори"га мезбонлик қилиш қарорини қоралашган.

Халқаро Амнистия ташкилоти Оврўпо Комиссияси Президенти Хосе Мануэл Баррозуга мактуб йўллаб, Президент Каримовга Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув олиб бориш юзасидан босим ўтказишга чақирган.

Image caption Президент Каримов Андижон воқеаларида исломий жангарилар, ғарб давлатлари ва журналистларини айблаганди

Оврўпо Иттифоқи ва НАТО Андижонда намойишчиларга қарши "номутаносиб куч" ишлатилишини қоралаган ва ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирганди.

Президент Каримов халқаро текширув талабини рад этиши ортидан ОИ Ўзбекистонга қарши жазо чораларини киритган.

Ушбу чораларга мувофиқ, Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш ва Андижон воқеалари учун масъул, деб билинган ўзбек расмийларининг Оврўпога сафар қилиши тақиқланган.

Иттифоқнинг ўтган йили Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини узил-кесил бекор қилиш қарори инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидларига сабаб бўлган.

Оврўпо расмийлари Ўзбекистонннинг инсон ҳуқуқлари борасида "муайян силжишларга" эришганини айтишган.

Аммо танқидчилар Андижондаги хунрезликлар учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмагани ва Каримов ҳукумати инсон ҳуқуқларини топташда давом этаётганини урғулашади.

ОИ ва НАТО мулозимларининг Президент Каримовни Брюсселга таклиф қилиш қарори инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қаттиқ танқидига сабаб бўлмоқда.

Ташриф махфийлик пардаси билан қопланган, у ҳақда Оврўпо расмийлари сўнгги кунларгача ҳеч қандай маълумот беришмаган.

Ўзбекистон томони жаноб Каримов Брюсселга Оврўпо Комиссияси Президенти Хосе Мануэл Баррозунинг таклифига биноан бораётганини маълум қилган, аммо аввалроқ жаноб Баррозунинг сўзчиси Майкл Карнитшниг Каримовни Брюсселга таклиф қилиш ОИ эмас, балки НАТОнинг қарори эканини айтган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон НАТО ва АҚШнинг Афғонистондаги амалиётлари учун муҳим транзит йўлига айланган.

24 январ куни жаноб Каримовнинг Брюсселда ОИ ва НАТО раҳбарлари билан музокара олиб бориши кутилмоқда.

Белгия томони Ўзбекистон раҳбарининг Белгия қироли Альберт II томонидан қабул қилиниши ҳақидаги хабарларни рад этган.

Ўзбекистон давлат хабар агентлиги ЎзА тарқатган хабарда жаноб Каримовнинг Брюсселга ташрифи чоғида Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлика доир "қатор ҳужжатларнинг имзоланиши" айтилади.