Эндрю Штролейн: 'Оврўпо Иттифоқи золим тарафда'

Image caption Президент Каримовнинг Брюсселга ташрифи норозиликлар манзарасида кечмоқда

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи ўзбекистонлик фаоллар ва ғарбдаги ноҳукумат ташкилотларининг норозиликлари манзарасида кечмоқда. Брюсселдаги Халқаро инқироз гуруҳидан Эндрю Штролейннинг Би-би-сига айтишича, Президент Каримовнинг ташриф арафасида Андижон воқеалари юзасидан қилган баёноти Оврўпо Иттифоқи мулозимларини енгил торттириши мумкин, аммо ҳодисалар юзасидан холис халқаро тергов ўтказилмас экан, бу баёнот ҳеч нарсани англатмайди.

Эндрю Штролейн: Оврўпо Иттифоқининг кўнглини олиш осонлиги, иттифоқ биронта ҳам талаб бажарилмасдан туриб, Ўзбекистонга қарши жазо чораларини бекор қилгани инобатга олинса, аминманки, Каримовнинг сўзлари Оврўпо Итифоқи мулозимларига ёқиб тушади. Албатта, Каримовнинг Андижондаги қирғин учун ташқи дунё, журналистлар ва бошқа одамларни айблашни тўхтатгани яхши. Аммо узоқ муддатда, агар Каримов Андижон воқеалари юзасидан холис халқаро тергов ўтказишга рози бўлмас экан, унинг айтганлари шунчаки бир гап бўлиб қолаверади. У маҳаллий раҳбарларни олдин ҳам айблаган. Андижон қирғинидан бир неча ой ўтиб, вилоят ҳокими ишдан бўшатилганди. Аммо жаноб Каримов ўзидан бошқа ҳеч кимни айблай олмайди. Чунки зирҳли ҳарбий машиналардан туриб, оломонни ўққа тутган аскарлар маҳаллий аскарлар эмас, марказий ҳукумат кучлари эди. Улар марказий ҳукуматнинг буйруғини бажаришган. Марказий ҳукуматнинг бошлиғи эса Каримов.

Би-би-си: Сизнингча, жаноб Каримовнинг Андижон воқеаларида маҳаллий даражада бўлса ҳам, ҳокимиятнинг айби борлигини тан олаётгани Андижон хунрезлиги қурбонлари учун бирон нарсани англатадими?

Эндрю Штролейн:Бу шуни англатадики, Андижон қурбонлари хали ҳам ҳақиқатга етишганлари йук. Улар ва яқинлари учун хали ҳам адолат тикланмаган. Чунки ҳукумат кучлари уларнинг яқинларини ўлдирган. Уларнинг Андижонда ҳақиқатда нималар бўлганини билишга ҳақлари бор. Халқаро тергов ўтказилиши керак. Чунки Ўзбекистон ҳукумати холис, ҳар томонлама тергов ўтказишга қодир эмас. Жаноб Каримовнинг сўзлари қурбонларнинг оилалари учун бирон нарсани англатади ёки бирон бир таскин бўла олади, деб ўйламайман.

Би-би-си: Сизнингча, Оврўпо Иттифоқи душанба кунги музокараларда Президент Каримовдан Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишни талаб қиладими?

Эндрю Штролейн:Очиғини айтганда, мен музокаралардан кўп нарса кутаётганим йўқ. Оврўпо Иттифоқи мулозимлари Каримов тузуми қаршисида ўзларининг жуда ҳам заиф эканликларини намойиш қилишди. Чунки агар Оврўпо Иттифоқи нимадир қилмоқчи бўлганида Каримовни Брюсселга таклиф қилмаган бўларди. Каримовнинг Брюсселда қабул қилинаётганини кўрган ўзбекистонликлар Оврўпо Иттифоқи мазлумларнинг эмас, балки золимнинг тарафида экан, деган тушунчага боришлари турган гап. Бу нафақат ўзбекистонликлар, балки менга ўхшаган оврўполиклар учун ҳам бир муаммо. Мен бизнинг раҳбарларимиз нима қилаётганини кўриб, жирканаман, тўғриси.