Брюсселда Каримов сафарига қарши норозилик намойиши ўтказилган

Брюсселдаги Оврўпо Комиссияси биноси қаршисида бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ва қувғиндаги ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Президент Каримовнинг ташрифи муносабати билан норозилик намойишини ўтказганлар.

Намойишни Human Rights Watch, Amnesty International ва Халқаро Инқироз Гуруҳи ташкил этишган.

"Жим бўлинглар, унсиз дипломатия кетмоқда" шиори билан ўтаётган намойишда ўзбекистонлик фаоллар Мўътабар Тожибоева, Надежда Атаева ва Сафар Бекжонлар ҳам иштирок этганлар.

Йигирмадан ортиқ киши қатнашган намойиш ҳудди театр драмасидек саҳналаштирилган бўлиб, унда иштирокчилар тобут кўтариб олганлар.

Андижон ҳунрезлигида ўқ еган инсоннинг кўйлаги ёпилган тобут устига "Диктатура+Оврўпо Иттифоқи=Андижон" деб ёзилган.

Тобут ёнига эса Ўзбекистонда тутқунликда бўлган ва қамоқларда нобуд бўлган сиёсий маҳбуслар ва журналистлар оёқ кийимлари териб қўйилган.

Ҳозирда Швейцарияда истиқомат қилувчи собиқ сиёсий маҳбус, ёзувчи Сафар Бекжоннинг изоҳлашича, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш демократиянинг тобутга қўйилганини англатади.

Жаноб Бекжон ўзбек қамоқхоналарида қолаётган Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Фармонов, Юсуф Жума ва бошқаларнинг оёқ кийимларини Оврўпо Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Барросо кийиб кўришини, ортиб қолганларини Президент Каримовга топширишини сўрайди.

Иштирокчилар сўнг рамзий ҳолда пойафзалларни Оврўпо Комиссияси томон улоқтиришган.

"Бизнинг асосий талабимиз сиёсий маҳкумларнинг озод этилиши. Авваллари Ғарб раҳбарлари Каримов билан учрашишидан аввал ҳар сафар бир неча сиёсий маҳбуслар озод этиларди. Мен ҳам АҚШ Президенти Билл Клинтон билан учрашув арафасида озод этилганман. Лекин бу сафар Оврўпо Иттифоқи билан учрашув арафасида ҳеч ким озодликка чиқарилмади. Биз бундан жуда норозимиз," - дейди жаноб Бекжон.

Намойишнинг ташкилотчилардан бўлган Amnesty International вакили Девид Николс сокин протест режадагидек ўтгани, ҳамда унга халқаро матбуот катта қизиқиш билан қараётганини билдирди.

Айни дамда Ўзбекистон президентининг ташриф буюргани муносабати билан Оврўпо Комиссияси биноси узра Ўзбекистон байроғи кўтарилган.

Бу мавзуда батафсилроқ