Ўзбек матбуоти ўз тарихидаги энг ночор аҳволдами?

Image caption Мустақиллик йилларида матбуот "улкан ўзгаришларга юз тутгани" айтилади

BBCUzbek.comга мактуб йўллаган ўқувчимиз ўзбек матбуотининг бугунги аҳволига доир фикрлари билан ўртоқлашади. Мактубни таҳрирсиз эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Ассалому алайкум ҳурматли Би Би Си!

Кейинги пайтларда Ўзбекистон матбуоти мустақиллик даврида улкан ўзгаришларга юз тутгани ҳақида бот-бот такрорланмоқда, бунга мисол қилиб, нуқул рақамлар қалаштирилади. Мисол учун 1991 йилда мамлакатда 395 та нашр бўлган эса, бугунга келиб уларнинг сони 1199 та экани, яъни уч баробарга кўпайгани айтилади. Яна уларнинг ярмидан кўпи мустақил нашр экани таъкидланади. Қаердаки бир анжуман бўлса, мана шу қуруқ рақамлар такрорланади, холос. Ўзбекистон телевидениеси эса дунёнинг энг олди техник анжомларига эгалиги билан мақтанади. Бироқ мен демоқчи бўлганим, ҳамма сон билан алағда, ҳеч кимнинг сифат, мазмун билан иши йўқ.

Бир пайтлар, ўша тўқсонинчи йиллар бошида нашрлар сони оз бўлсада, киоскадан газета сотиб олсак, мамлакатимизда нималар бўлаётгани, қайси бир машҳур сиёсатчи нима деганию, қай бир таниқли депутат қандай можароли масалани кўтариб чиққанини ўқирдик. Сиёсатимиз, иқтисодимиз қайси томонга кетаётгани, жиноятчилик қайси кўчага кираётганидан бохабар бўлардик. Жилла қурса, бозордаги нарх-наволар ўсишига ким қандай жавоб излаётганига гувоҳ бўлардик.

Бугун ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайган газеталарни варақлаб, ҳақиқий ҳаётга тўғри келмайдиган мақтов, боши-кети йўқ мафкуравий тарғиботдан бошқа нарсани кўрмаймиз. Худди шу гаплар телевизорда ҳам тинимсиз такрорланганидан кейин кимнинг ҳам газета сотиб олиб ўқигиси келади. Агар турли-туман корхона ва ташкилотлар, давлатдан маош олувчи хизматчилар, ўқитувчи ва талабалар ҳамда фермерлар марказий, вилоят ҳамда туман газеталарига мажбурий обуна қилдирилмаганда эди, бу газеталар давлат маблағисиз бир кун ҳам чоп этилмаган бўлармиди, деб ўйлайман.

Чунки бу газетлар шўро давридаги коммунистик партия рўзномаларидан заррача фарқ қилмайди десам, хато бўлмаса керак. Фақат "КПСС раҳнамолигида" сўзлари ўрнига "Юртбошимиз раҳнамолигида", "Президентимиз қарорлари асосида" сўзлари алмашган, холос. "Илғор бригадир" ўрнини "омилкор фермер", "уддабурон тадбиркор" каби сўзлар эгаллаган. Мазмун ўша-ўша, ўтган йили унча ҳосил олгандик, бу йил бунча оламиз, ёки қурувчи бўлса, бу йил шунча маблағ ўзлаштирамиз, каби. Албатта, бу ютуқлар фақат ва фақат президентимизнинг узоқни кўра билгани туфайли юз бераётгани уқтирилади.

Айниқса, газеталар ва телеканалларда "Мақсадим Ўзбекистонни бутун дунёга танитиб, юртбошимиз ишончини оқлаш!" деган баландпарвоз сўзларни такрорлаш қаттиқ урф бўлди. Спортчими у ёки қўшиқчи, тадбиркорми ё муҳандис, дўппидўзми ёки мисгар, талабами ёки ўқуқвчи, шу гапни бирдек қайтарган.

Президентнинг ўтган йили Олий Мажлисда қилган нутқини маҳалла фаолларидан тортиб талабаларгача ўрганаётгани газетларнинг деярли ҳар бир сонида такрорланади.

Бундай қуруқ сиёсатдан безиган одамлар аллақачон марказий газеталарни варақламай қўйган.

Ўзбекистондаги нашрлар сони ҳар бир вазирлик ва қўмита ўз газетасини очиши ҳисобига ҳам ошди. Бироқ бу газеталар тармоқ газетаси ўлароқ ўқувчилар эътиборини тортиши амри маҳол. Шундай газеталардан бирида ишловчи журналистнинг айтишича, уларнинг иши аксар ҳисобот ёзишдан иборат.

"Муассисимиз ҳисобланмиш давлат органининг ютуқлари ҳақидаги ҳисоботларни, йиллик, ярим йиллик ва квартал якунларига оид ўтказилган мажлис ва унда кўтарилган масалалардан "тегишли хулосалар" чиқарилганини ёзамиз. Учинчи саҳифага интернетдан олинган хабарлар, тўртинчисига эса спорт ва ҳазиллар, кроссворд жойлаймиз. Аслида мана шу 3 ва 4-саҳифадаги олди-қочди гаплар ўқилади, холос," дейди у.

Туман газеталарида эса аҳвол янада ночор. Газетада ўқиладиган нарсанинг ўзи бўлмайди, дея эътироф этади бош муҳаррирлардан бири.

"Ўқишли мақола бугунги долзарб муаммо, аксарият қишлоқларда электр ва газ йўқлигини кўтариб чиқиши керак, бироқ бундай мавзуга биз асло тил теккиза олмаймиз," дейди у.

Унга кўра, туман газетаси ходимлари ҳам ўқитувчилар қатори дала ишларига мажбуран сафарбар этилади, бош муҳаррир эса фермерлар фаолиятини назорат қилади. "Фермернинг туалетга бориши назорат қилинмаяпти, холос. Аҳволимиз шу бўлгандан кейин, биров биз чиқарган газетани ўқийдими?" дейди у.

Лекин ўзбеклар газета ўқимай қўйган дейиш нотўғри. Одамлар газета ўқийди. Бозор растасида семичка чақиб ўтирган сотувчилар, пештахта ортидаги дўкончи, касса туйнуги ортидаги ҳисобчи аёллар, қабулхонадаги келишган котибалар, пашша қўриб ўтирган мулозимлар, барчаси газета ўқиб ўтиради, табиийки, кроссвордни ечиб бўлганидан сўнг.

Расмий нашрлардан фарқли ўлароқ, ўнлаб мустақил ҳафталиклар одамларни овутиш учун мавзулар қамровини шу қадар кенгайтирганки, уларда Ўзбекистонинг ўзидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий реалликдан ташқари бутун дунё бор.

Бу нашрлардаги мавзулар қуйидагича: юлдузлар, қўшиқчию актёрлар ҳақида саҳифалаб материаллар ва суратлар, ишқу муҳаббат, йигит ва қиз ўртасидаги муносабатлар, оилавий можаролар, қайнона-келин, опа-сингил ва ака-укалар ўртасидаги муносабатлар, одобнома услубидаги туганмас ўгитли ҳикоятларки, аксариятини муаллифларнинг ўзлари тўқиб ёзади ёки ҳаётдаги кишилардан ибрат кўрсатади. Яна бир туганмас мавзу бу соғлиқ, гўзаллик, доривор гиёҳлар, ҳайвонот олами, ўсимликлар олами, фан ва техника ютуқларики, буларнинг бари Россия газеталари ва интернетдан олиб таржима қилинади ёки китоблардан кўчириб босилади.

Руҳшунослик ва психологларнинг турли-турли туман маслаҳатлари ҳам газеталарни тўлдирувчи энг олди мавзулардан. Шеър ва ҳикоялар, сюжет жиҳатидан бир-бирини такрорловчи давомли қиссалар, детективга ҳам катта жой берилади. Телекўрсатувлар дастури ва кроссвордлар, албатта, ҳар бир газетанинг сотилишидаги энг биринчи омилдир.

"Даракчи", "Ҳумо", "Ҳордиқ", "7 мўжиза", "Эрудит", "Сўғдиёна" каби нашрлар энг бозори чаққон газеталар ҳисобланади. Бироқ, аввал айтилганидек, аксарият мақолалар интернет ва Россия нашрларидан тўғридан тўғри кўчириб босилади. Зотан, аксар газеталарда ҳақиқий хабар ёки лавҳа ёзадиган мухбирларнинг ўзи кам, баъзиларида умуман йўқ. Юқоридан келиб тушиши мумкин бўлган эътирознинг олдини олиш учун биринчи саҳифада Ўзанинг қайсидир вилоятда ғишт заводи ишга тушгани, дўппичилик цехи очилгани каби ўта расмий ва қуруқ хабарларидан бир нечаси жойлаштирилса, олам гулистон.

Кўпчилик зиёлиларнинг фикрича, бу каби нашрлар оммада илғор фикр уйғотиш учун эмас, аксинча, одамларни кундалик турмуш ташвишларидан чалғитиб, ҳордиқ ва эрмакка қаратилгани туфайли жамиятда фикрлаш тарзи ўзгариб бўлган. Яъни, ҳар қандай сиёсий ва ҳур фикрни қувғинга солиб, маиший даражада фикрлашгина қолган.

Ўзбекистонда ягона расман мустақил дея аталган "Ҳуррият" газетасининг эса фақат номи қолган, дейишади улар.

Шу сабаб, балки ўзбек матбуоти бугун ҳар қанча мақтовларга қарамай аслида энг ночор даражага тушиб қолдими, деб ўйлаб қолдим ва ўйлаганимни сизларга ҳам йўлладим.

Ўзбекистонлик мухлисингиз.