Ўзбекистон Осиё Кубогининг ярим финалидан пастга қулади

Қатарнинг "Халифа" стадионида бўлиб ўтган 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларининг ярим финал учрашувида Ўзбекистон Австралияга 0:6 ҳисобида енгилиб, пастга қулади.

Ўзбекистон 1996 йилдан буён илк бор бу йил Осиё кубоги ўйинларининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Аммо сешанба кунги беллашувда олий даражадаги футбол намойиш этган Австралия миллий терма жамоаси ўзбекистонлик футболчиларнинг барча умидларини чиппакка чиқаришди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқич беллашувларида ажойиб футбол кўрсатиб, иккита ғалаба ва битта дуранг билан чорак финалга чиққанди.

Чорак финалда эса, Япония каби Осиёнинг наҳанг жамоалари билан тенгма-тенг ўйин намойиш этган Иорданияни мағлуб этганди.

Ўзбекистонлик футболчилар ўзларининг ҳужумкор ўйинлари билан бу йил нафақат финалга чиқиш, балки Осиё кубогини қўлга киритишга ҳам ҳақли равишда даъво қилишаётганди.

Шундай экан, Ўзбекистон миллий терма жамоасига нима панд берди? Биз ушбу савол билан Ўзбекистондан таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўйин қандай кечди?

Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ ҳужумга зўр берган австралияликлар ҳисобни биринчилардан бўлиб очишга муваффақ бўлишди.

Учинчи дақиқада илк тўпни Ироққа қарши чорак финал беллашувида қаҳрамонга айланган Ҳарри Кьюэлл ўз ҳисобига ёзди.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳам бўш келмасликка ҳаракат қилишса-да, рақиб ҳимоячилари аксар ҳолларда уларнинг ҳужумларини чиппакка чиқаришга муваффақ бўлишди.

Аммо Австралия миллий терма жамоасининг ҳужумлари кескирроқ бўлди.

Биринчи таймнинг 34-дақиқасида ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳимояда йўл қўйган хатоларидан фойдаланган австралияликлар ҳисобни яна биттага оширишди.

Бу гал Саша Огненовский Ўзбекистон дарвозасига киритилган иккинчи тўпнинг соҳибига айланди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учрашувнинг иккинчи қисмида Санжар Турсунов ва Марат Бикмаевларни майдонга туширди.

Лекин ўйинда мувозанат ўзгармади. Ҳужумкорликда Австралия миллий терма жамоаси ўзбекистонлик рақибларини яққол ортда қолдирди.

Кетма-кет икки сариқ карточка олиши ортидан Улуғбек Бақоевнинг майдонни тарк этиши Ўзбекистон ҳимоясини янада оғир аҳволда қолдирди.

Бунгача 3:0 бўлган ҳисоб Улуғбекнинг чиқиб кетиши ортидан 6:0 га етди.

Ҳимоясининг қанчалар заиф экани Австралияга қарши ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасига панд берди.

Шундай қилиб, бор-йўғи иккинчи бор Осиё кубоги ўйинларида иштирок этаётган Австралия финал беллашувга йўлланмани қўлга киритди.

Энди Австралия миллий терма жамоаси 29 январ куни "Халифа" стадионида Осиё чемпионлиги учун Японияга қарши тўп суради.

Тарихча

Ўзбекистон ҳам, Австралия ҳам шу пайтгача ҳеч қачон ўйинларнинг ярим финалига чиқишмаган.

Бу икки миллий терма жамоанинг Осиё кубоги ўйинлари доирасида илк бор бир-бирларига қарши тўп суриши эди.

Ўзбекистон икки бор, Австралия эса, бир бор чорак финалдан пастга қулашган.

Австралиянинг Осиё Кубоги ўйинларидаги иштирокини бор-йўғи 2007 йилда бошлагани назарда тутилса, Ўзбекистон бу масалада рақибига нисбатан анча тажрибалироқ.

Қитъа чемпионлиги доирасидан ташқарида бу икки миллий терма жамоа икки бор учрашишган.

Улар 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида бир-бирларига қарши икки бор майдонга тушишган.

Аммо ҳар икки гал ҳам Австралиянинг қўли баланд келиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мағлуб бўлган.

Лекин бу гал ўзбекистонлик футболчилар уларни енгишга қодир эканликларини айтишмоқда.

Уларга кўра, жаҳон футболининг таъмини яхши татиган бўлишлари ва Оврўпонинг майдонларида олган тажрибаларига қарамай, улар ҳам ўзларига ўхшаган одам. Ва ўзларини ҳеч ким қўрқита олмайди.

Ўзбекистонлик футболчилар руҳлари баландлиги, учрашув тақдирини 11 метрлик жарима тўпига қолдирмай ўз фойдаларига ҳал қилишларини айтишмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов бу гал Осиё Кубоги ўйинларининг финал босқичига чиқиш ва ҳатто, кубокни қўлга киритиш даъвосида эканликларини баён қилганди.

Вадим Абрамовнинг учрашув арафасида берган суҳбатларидан бирида футболда жисмонан бақувват бўлиш иккинчи даражали аҳамият касб этиши, футболчилари руҳан кучли экани ва шу сабабдан ҳам, ҳар қандай рақибни енга олишлари мумкинлигини айтган.

Ўзбекистон ҳам, Австралия ҳам гуруҳ босқич саралаш учрашувларини бир хил натижа - икки ғалаба ва бир дуранг натижа билан якунлашган.

Ўзбекистонлик футболчилар чорак финал беллашувида Иорданияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга чиқишган.

Аммо Австралия миллий терма жамоаси сўнгги Осиё чемпиони Ироқни фақат қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқаларидагина 1:0 ҳисобида енгиб, ушбу шарафга муяссар бўлган.

Хўш, бу каби тарихий мақсадга етишиш йўлида Австралия ўзбекистонлик футболчилар учун қанчалик кутилмаган рақиб бўлди. Биз ушбу савол билан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ мураббийси, ўз вақтида Ўзбек футболи юлдузларидан бири бўлган Миржалол Қосимовга мурожаат этдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон-Австралия учрашувидан аввал тўртинчи бор Осиё чемпиони бўлиш ишқида ёнган Япония илк ярим финал учрашувида Шарқий Осиёлик рақиби Жанубий Кореяни 11 метрлик жарима тўплари ҳисобига енгиб, финалга чиққан биринчи жамоа бўлди.

Бугунги икки учрашув ортидан эса, 29 январ куни "Халифа" стадионида ягона кубок учун кураш олиб борувчи иккинчи миллий терма жамоанинг ҳам ким экани аён бўлади.