'Не сабабдан Оврўпо Иттифоқи Ислом Каримов каби диктаторга ишонч билдирмоқда?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Не сабабдан Оврўпо Иттифоқи Ислом Каримов каби диктаторга ишонч билдирмоқда?"

"Гардиан" газетасидаги мақола худди ана шундай сарлавҳадан бошланади.

Остида эса, президент Каримов ҳамда Оврўпо Комиссияси президенти Жозе Мануель Баррозо билан қўл олишиб тушган сурат.

Андижондаги қирғиндан олти йил ўтиб, хотиралар сўнмоқда, эътибор бошқа нарсаларга қаратилаяпти, деб давом этади "Гардиан" мақоласи.

Эндиги эътибор Ўзбекистон орқали Афғонистонга элтадиган таъминот йўли ва Ўзбекистондаги энергия захираларига қадалган, деб хулоса қилинади.

Жаноб Баррозо Ислом Каримов билан нега учрашганини ҳимоя қилди ва учрашувда инсон ҳақлари, сиёсий маҳбуслар масаласига кўп урғу берганини қайд этмоқда.

Баррозо каби Оврўпо Иттифоқининг тажрибали раҳбарлари ҳозиргидек сезилмас жазолару койишлар билан катта ўзгариш қила олмасликларини яхши билишади.

Оврўпонинг Ўзбекистон каби мамлакатлар билан мулоқотни йўлга қўйиш керак, деган сиёсатлари абгор ҳолатда.

Масалан, шу ой Тунисда халқ исёни бўлди. Аммо Тунисдаги тузумни қўллаган Оврўпо, хусусан, Франция каби давлатлар у ердаги узоқ йиллардан бери давом этаётган инсон ҳақлари топталиши, коррупция ва тунис халқининг оғир турмушини кўриб кўрмаганга олишарди.

Оддий халқи азоб-уқубат ва қашшоқликда ҳаёт кечираётган Жазойир, Миср ва Иордания каби давлатлар билан ҳам худди шундай йўл тутилмоқда.

Чунки бу давлатлар гуё Оврўпо Иттифоқининг дўстлари деб аталади ва шу боис уларни қаттиқ танқид қилишмайди.

Россия ва Хитой каби кучли давлатлар билан музокараларда Оврўпо Иттифоқи инсон ҳуқуқлари масаласини қанчалик кўтараётгани эса йиғлагудек аҳволда.

Мақола Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотидан иқтибос келтириб ёзади:"Зулмкор тузумлар билан мулоқот қилишни қўллаш одатда инсон ҳуқуқлари масаласида ҳеч бир иш қилинмаётганини хас-пўшлаш учун баҳона бўлмоқда".

Мулоқот зарур. Аммо инсон ҳақларини топташ тўхтамас экан, ҳарбий ва молиявий ёрдам чекланиши керак, самарали иқтисодий жазо чоралари киритилиши даркор ва айбдорлар жазоланишини талаб қилган чақириқлар билан чиқиб, уларнинг амалга ошишига эришиш муҳим, деб ёзади газета.

Ўзбекистон Президенти Каримов ва ё Беларус президенти Лукашенко қилган қилмишлари учун нега жазоланмаслиги керак, деб савол қўяди газета.

Кейин эса жавоб берилган - "Бу учун Оврўпо Иттифоқи ахлоқий жасорат кўрсатиши керак".