Ўзбекистон нега Миср эмас - Foreign Policy бу хусусда нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Foreign Policyнинг узоқ вақт Тошкент ва Фарғона водийсида яшаган муаллифи ва ҳозирда шимолий-шарқий "Иллинойс" университети профессори Рассл Занканинг ёзишича, охирги 20 йил мобайнида Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларусда давлатни ўз фуқароларини таҳқирлаб, сайловларни сохталаштираётган ва сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаётган одамлар бошқармоқда.

Муаллифнинг фикрича, узоқ вақт ҳокимиятда ўтирган раҳбарларнинг ағдарилиши одамларнинг қанчалик тўқлиги ёки мамлакатда мухолифатнинг қанчалик ривожлангани билан боғлиқ эмас.

Шубҳасиз, бу омиллар диктаторнинг ағдарилиш эҳтимолини кучайтириши мумкин, аммо уни тахтдан улоқтириш учун етарли эмас.

"Бунинг учун одамлар ўз ҳаётларини таҳликага қўйиб ва биргалашиб кўчаларга чиққанлари тақдирда манфур ҳукмдордан қутулишлари мумкинлигини англаб етишлари шарт," деб ёзади Рассл Занка.

Тунис ва Мисрдаги воқеаларни собиқ совет ҳудудидаги воқелик билан қиёсларкан, муаллиф "нима учун собиқ совет ОвроОсиёсида бундай шарт-шароит йўқ?"деган саволни қўяди ва унга жавоб бераркан, Беларус мисолида мухолифат кучлари Президент Лукашенко хавфсизлик хизматларининг кучига етарли баҳо бермаганларини айтади.

Туркманистонда эса, муаллифга кўра, одамлар афтидан, Бердимуҳаммедов диктатурасидан норози, аммо мамлакат мустақилликка эришган 1991 йилдан буён биронта намойиш ва ғалаён кузатилмаган.

Аҳолининг хорижий ахборот воситаларига имкони жуда ҳам чекланган ва муҳожиратдаги туркман диссидентлари мамлакат аҳолисига таъсир қилиш имконига эга эмас.

Ўзбекистонда бир неча йил яшаб, тадқиқотлар олиб борган муаллиф у ердаги вазиятга батафсилроқ тўхталган.

Рассл Занканинг ёзишича, ўзбекларнинг президент Каримовга қарши бош кўтариш эҳтимоли кам.

Унга кўра, ҳатто бошқа президент келса яхшироқ яшаймиз, деб ўйлаганлари тақдирда ҳам ўзбеклар кўча намойишлари билан боғлиқ катта хавфга боришга тайёр эмаслар.

Муаллиф олти йил муқаддам Каримовнинг аскарлари Андижон шаҳрида юзлаб, балки минглаб намойишчиларни отиб ўлдирганини эслатади.

Унга кўра, имкон қадар кўпроқ қон тўкилишига қаратилган бу сиёсат жуда ҳам яхши самара берган. Ўзбеклар шунчалик қўрқитилган эдики, шундан буён мамлакатда биронта ҳам оммавий норозилик чиқиши бўлгани йўқ.

"Мендан антрополог бўлганим учун кўпинча Каримовнинг ҳокимиятда узоқ вақт қолаётгани ўзбеклар маданиятининг баъзи жиҳатлари билан боғлиқ эмасмикан, деб сўрашади" деб ёзади муаллиф.

Унга кўра, кўпчилик ўзбеклар табиатан итоаткор ва уларнинг катталарга ҳурмат маданияти сиёсий ҳокимиятга сўзсиз итоат қилиш даражасига кўтарилган, деб ҳисоблайди.

Ҳатто, ўзбекларнинг ўзлари ҳам баъзида одамлар қорин тўйдириш ҳақида кўпроқ ўйлашлари ва тирикчилик ташвишлари билан бандликларини айтишади.

Эҳтимол, бу тахминларда ҳақиқатнинг бир зарраси бордир. Аммо америкалик тадқиқотчи Рассл Зенкага кўра, фақат бир зарраси бор, холос.

Ўзбекларнинг тарихи, халқ қўзғолонлари мисоллари билан тўла эканини ёзган муаллиф, хусусан, 19-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ўзбеклар амирларни ағдаргани, чор подшоси ва Шўро кофирларига қарши курашларда ўзларининг исёнкор руҳларини намойиш этганликларини таъкидлайди.

Рассл Зенкага кўра, ҳозир ўзбеклар тузумга бўлган нафратларига қарамасдан, кўчаларга чиқишмаяпти, чунки хавф жуда ҳам катта.

Бунинг ўрнига улар ўз норозиликларини носиёсий йўл билан, жумладан, Қозоғистон ва Россияга ишга кетиш орқали билдиришаяпти.

Бу ҳам бир хавф, аммо ўзбеклар бу хавфда намойишга чиқишдан кўпроқ маъни кўришади.

"Қолаверса, майдонлардаги намойишлар, дейлик, Москва четидаги йўл қурилишларидан кўра камроқ даромад олиб келиши тайин," - деб ёзади муаллиф.