Ишдан ҳайдалган ўзбек журналистлари маҳкамага мурожаат этишди

Малоҳат Эшонқулова
Image caption Малоҳат Эшонқулова ўзининг ишдан ҳайдалишига Мустақиллик майдонида норозилик намойиши ўтказиши сабаб эканини айтади

Ўзбекистон давлат телевидениесининг аввалроқ ишдан бўшатилган икки журналисти фуқаро маҳкамасига шикоят билан мурожаат этган.

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоновалар ёшлар канали раҳбариятини меҳнат қонунларини бузганликда айблашмоқда.

Малоҳат Эшонқулова Би-би-си билан суҳбатда Тошкент шаҳар Шайхонтахур туманлараро судига ишларини тиклаш бўйича ариза беришганини айтади.

"Ёшлар" каналининг икки журналисти ўтган йил охирида Тошкентдаги ҳукумат уйи олдида телевидениедаги цензура ва маҳаллийчиликка қарши норозилик билдиришлари ортидан ишдан бўшатилганди.

Журналистлар ноқонуний пикет уюштириш, Ўзбекистон телевидениеси раҳбариятига туҳмат қилиш ва ва ўзлари ишлаётган ташкилот номига доғ тушириш, шу билан бирга меҳнат интизомини бузганликда айбланишганди.

"Бу найрангдан бошқа нарса эмас, бунга ҳеч бир асос йўқ. Ишдан бўшатишларининг туб моҳияти...уларнинг истеъфосини сўраб, Мустақиллик майдонида норозилик намойиши ўтказишимиз бош сабаб бўлган холос", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўтган йилнинг декабр ойида Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоновалар телевидениеда йўл қўйилаётган иқтисодий жиноятлар ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб пикет уюштиргандилар.

"Ҳеч қайси даврда цензура бу қадар ашаддий бир тусга кирган эмас", дейди Малоҳат Эшонқулова

"Ёшлар" канали директори ўринбосари Зойир Қурбонов Малоҳат Эшонқулованинг даъволари асоссиз эканини айтди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бу уларнинг фикри, ўз вақтида биз бунга муносабатимизни билдирганмиз. Ҳозир бу масалага қайтиш ниятимиз йўқ", -дейди Зойир Қурбонов Би-би-си билан суҳбатда.