Ўшдаги Исломий марказга ўт кетган

Image caption Ўтган йил юз берган этник зўравонликларда Ўшда кўп уй-жойлар ва идораларга ўт кетган

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Исломий Ҳамкорлик Халқаро Марказининг идорасида юзага келган ёнғин ортидан тергов очилган.

Хабарларга кўра, январ ойи охирида Исломий марказда чиққан ёнғин қўшни кўчаларда ваҳимага сабаб бўлган.

Марказга қирғизистонлик ўзбек уламо, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Шайх Содиқжон Камолов раҳбарлик қилади.

Қирғиз хабар агентликларига кўра, марказ раҳбарияти полициядан идорага ким ўт қўйганини тергов қилишни сўраган.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, Исломий марказга ўт кетиши Содиқжон Камоловнинг фаолиятига боғлиқ бўлиши мумкин. У ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли этник тўқнашувлар ортидан ярашув ишларида фаоллик қилиб келади.

Бошқа манбаларга биноан, марказга ўт кетишининг яна бир сабаби маҳаллий бизнес манфаатларига боғлиқ бўлиши мумкин. Исломий марказ биноси Ўш шаҳри марказида жойлашган ва катта ҳовлига эга.

Би-би-си билан суҳбатда Содиқжон Камоловнинг жияни, Қорасув масжидининг имом-хатиби Рашод қори Камолов Исломий марказга ёнғин кетганидан ва бундан ким фойда кўришидан ҳайрон эканини айтди.

"Норасмий фараз десак, қандайдир огоҳлантирувми, қўрқитувми, жуда туманли, охири кўринмаган воқеа бўлди. Бу этник эмас, диний идора, шунинг учун бошимиз қотган. Бизда қирғиз ҳукумати ё қирғиз миллатдошларимиз билан бир ҳунук муносабат бўлмаганди," - дейди Рашод қори.

Июн зўравонликларида марказнинг ўшликлар орасида оммавий бўлган чойхонаси ёқиб юборилганди.

Унда марказда сақланувчи диний адабиётнинг уникал мажмуаси талон-тарож қилинганди. Китобларнинг бир қисми сўнгра марказга қайтарилган.

Бу сафарги ёнғинда ўт ўчирувчилар зудлик билан етиб келганига қарамай, идоранинг бир неча хонаси ёниб кетган ва бир неча минг китоб сақланувчи кутубхона буткул куйиб кул бўлган.

Маҳаллий газеталар ёзишича, ўт учирувчилар ёнғинга электр тармоғининг носозлиги сабаб бўлиши мумкинлигини айтганлар, лекин бошқа расмий манбадан "ёнғин сабаби ноаниқ" деган иқтибос ҳам келтирилган.