Президент Каримов Японияга сафарини бошламоқда

Image caption Бу президент Каримовнинг Брюсселга шов-шувли ташрифидан қисқа вақт ўтмай амалга ошираётган навбатдаги хорижий сафаридир

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Япония Бош вазири Наото Каннинг таклифи билан Японияга икки кунлик сафарини бошламоқда.

Бу жаноб Каримовнинг ўз президентлик фаолияти давомида Токиога учинчи расмий ташрифи экани айтилади.

Ўзбекистон бошқа хорижий давлатлар билан таққослаганда Япония билан анчайин силлиқ алоқаларга эга.

Икки давлат орасидаги дипломатик муносабатлар қарийб 20 йиллик тарихга бориб тақалади.

Икковлон ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорликка оид келишувлар ҳам амал қилади.

Хабарларга кўра, президент Каримов бу галги сафари давомида мамлакат Япония Бош вазири Наото Кандан ташқари император Акиҳито қабулида ҳам бўлади.

Музокаралар чоғида ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муҳим масалаларга эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Афғонистонда ўз ҳарбийларига эга бўлишмаса-да, томонларнинг АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларини таъминлаш ишларида иштироклари бор.

Расмий хабарларга кўра, икки давлат раҳбарлари турли соҳаларда ҳамкорлик қилишни кўзда тутувчи қатор икки томонлама шартномаларни ҳам имзолашади.

Кўплаб кузатувчилар Ўзбекистоннинг Хитой, Жанубий Корея ва Япония каби Шарқий Осиё давлатлари билан илиқ алоқаларини уларнинг расмий Тошкентнинг ички ишларига умуман аралашмасликлари, инсон ҳуқуқларининг аҳволи билан боғлиқ масалаларни кун тартибига олиб чиқмасликлари билан изоҳлашади.

Япония Ўзбекистон билан иқтисодий ёрдам, бизнес, маданий ва минтақавий соҳаларда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдириб келади.

Хабарларга кўра, кеча душанба куни Япония Иқтисодиёт, Савдо ва Саноат вазири ҳамда Ўзбекистон Бош вазири биринчи муовини Рустам Азимов икки давлат орасида иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш масаласида келишиб олишган.

Ҳамкорлик Ўзбекистондаги уран ва бошқа ноёб минераллар дохил табиий захираларни ривожлантиришни кўзда тутиши айтилмоқда.

Ҳар икки томон мулозимларига кўра, савдо, ётирим ва бизнес билан боғлиқ ҳар қандай муаммоларга барҳам бериш учун махсус ишчи гуруҳи ҳам ташкил этилади.

Ўз табиий захиралари деярли бўлмаган Япония эса, бунинг эвазига Ўзбекистонга замонавий технология соҳасида ёрдам беради.

Агар Япония томони 2008 йил келтирган рақамларга таянилса, икки давлат орасидаги ташқи савдо кўлами қарийб қарийб 500 миллион долларни ташкил этган.

Икковлон орасидаги экспорт-импорт маҳсулотларини ипак, пахта толаси ва замонавий техник жиҳозлар ташкил этиши айтилади.

Япония, бундан ташқари, Ўзбекистондаги тараққиёт дастурларига ҳам кредитлар ажратиб келади.

Икковлон орасидаги маданий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликлар ҳам анча мустаҳкам.

Тошкентда бир неча йилдан буён Ўзбек-Япон маркази фаолият юритади.

Икки давлат олимлари ва қадимшунослари ҳам узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келишади.

Ҳар йили Япония Маданият кунини ўтказиш Ўзбекистонда анъанага айланган.

2002 йилда эса, Ўзбекистон ва Япония ўртасида учоқларнинг бевосита парвози йўлга қўйилган. Бу - япониялик сайёҳларнинг Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатларига ташрифларига йўл очган.

Японияга қилган сўнгги сафари чоғида(2002 йилда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Васеда ва Сока университетларининг "Фахрий доктори" деб ҳам топилган.