'Жаслиқ'да шафқатсиз ва мунтазам қийноқлар давом этмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ташкилот "Жаслиқ"да ҳануз қийноқлар давом этаётганини айтади

Ўзбекистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳининг баён қилишича, "Жаслиқ"да шафқатсиз ва мунтазам қийноқлар давом этмоқда.

Ташкилот ўзининг сўнгги баёнотида "Жаслиқ"да сақланаётган тошкентлик Икром Илёсовнинг қаттиқ қийноққа солинаётганини урғулайди.

Ушбу даъво маҳкум билан учрашган онасининг гапларига таянади.

27 ёшли Икром Илёсовнинг олий маълумотли муҳандис бўлгани ва Тошкент шаҳридан экани айтилади.

У 2000 йилнинг март ойида "Ҳизбут-Таҳрир" ноқонуний диний ташкилотига аъзоликда айбдор, деб топилиб 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Муайян муддат қамоқ жазосини Зангиота, Қорақалпоғистондаги қийноқлар билан ном чиқарган "Жаслиқ" ва Навоий шаҳарларидаги қамоқхоналарда ўтаган.

2005 йилда эса, яна "Жаслиқ"қа қайтарилган ва шу пайтга қадар ўша ерда тутиб турилгани айтилади.

Ташаббус гуруҳининг Икром Илёсовнинг онаси Шаҳло Илёсованинг сўзларига таяниб тарқатган хабарига кўра, у 6 январдан 20 январгача ҳеч бир сабабсиз ШИЗО ҳибсхонасига ташланган ва у ерда шафқатсиз қийноқларга тутилган.

Шаҳло Илёсовага ўғли соғайгандан кейин у билан кўришишга изн берилгани ва шундан сўнг онасининг бу ҳолатдан огоҳ бўлгани айтилади.

2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф буюрган БМТ маърузачиси эса, мамлакатда қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган эди.

Ўзининг қаттиқ шароитлари билан танилган "Жаслиқ" қамоқхонасида асосан, диний ва сиёсий маҳбуслар сақланади, деб ишонилади.

Биз Тошкентдаги Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов билан боғланиб, энг аввало маҳбус Икром Илёсовнинг онаси Шаҳло Илёсова шикоятида айнан нималарга тўхталганини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди