Қозоғистонда ўзбекистонлик бошпана изловчи қаттиқ калтакланди

Image caption Аброр Қосимов ўзининг Олма ота шаҳар тергов изоляторида қаттик калтакланганидан шикоят этади

Ўзбекистонлик бошпана изловчи Аброр Қосимов Олма ота шаҳар тергов изоляторида қаттиқ калтакланган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олма ота шаҳар департаментининг тергов изоляторидан туриб ёзган аризасида Аброр Қосимов 3 февраль куни тергов изолятори ходимлари томонидан калтакланганини ёзади.

“Прокурор билан субатдан сўнг 3 февраль куни мени 28-камерага олиб ўтишди. У ерда синиқ қошиқ туфайли муаммо келиб чиқди. Ўша куни кечқурун тергов изолятори ходимлари мени ҳожатхонага олиб кетиб, қаттиқ калтаклашди. Улар тўрт киши эди. Калтаклардан сўнг ўнг қовурғам синган, дея гумон қилаяпман. Чап буйрагим муштнинг изидек кўкариб қолган," - дейилади аризада.

Шундан сўнг Қосимовнинг олдига тергов изолятори бошлиғи ва шифокор киришган.

Аброр Қосимовни текширган шифокор унинг ўнг қовурғасида оғриқ борлиги ва чап буйраги кўкарганини айтган, аммо унга шу вақтгача тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Image caption Қосимов ўз аризасида чидаб бўлмас оғриқлардан ҳам шикоят этади

Аризасида Қосимов қовурғасидаги оғриқ чидаб бўлмас даражада эканлигини ёзади.

Қосимов калтаклашлардан кейин 7 февраль куни очлик эълон қилган.

Шундан сўнг уни бир ўзини алоҳида камерага қамашган ва ҳаттоки сув ҳам беришмаган.

Миллий Хафвсизлик қўмитасига бу борада изоҳ сўраб қилган мурожаатларимиз бесамар кетди.

Аброр Қосимовга бунгача ҳам босимлар бўлгани ҳақида айтилган эди.

Унинг турмуш ўртоғи Марғуба Худойберди Охунова эрининг кўйлагида қон излари топганини маълум қилган.

Аброр Қосимов ҳибсхонадаги шароитлардан нолиган. Калтакланишидан олдин Қосимов прокурор билан шароитлар ҳақида суҳбатлашган.

1982 йилда туғилган Аброр Қосимов Ўзбекистонда турли ноқонуний гуруҳларда аъзоликда айбланиб давлатлараро қидирувга берилган.

Касби ўймакор бўлган Аброр Қосимов бир неча халқаро кўргазмаларда қатнашган. У ўзининг айбсиз эканлигини айтади.