Ўзбекистонда участка нозири ўлдирилган

Image caption Қотиллик бўйича Қибрай тумани ички ишлар бошқармаси жиноий иш очган

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида участка нозири уриб ўлдирилган. Қибрай тумани ички ишлар бошқармаси ходимининг Би-би-си билан суҳбатда билдиришича, милиционер чойхонада қимор ўйнаётган ёшларни тўхтатишга уринган.

"У чойхонадаги ёшларга қимор ўйнаманглар деганида уруш чиқиб кетган, шу уруш оқибатида милиционер ўлган," - деди ўз исми-шарифини беришни истамаган ИИБ ходими.

Ходим мазкур ҳодиса бўйича жиноий иш очилгани ва давом этаётгани, ҳамда қотил ёки қотиллар борасида маълумот ҳозирча берилмаслигини билдирди.

Баъзи хабар агентликларига кўра, милиционер билан тўқнашган кишилар ҳали вояга етмаган ўсмир болалар бўлишган.

Милиция уларнинг изига тушганида, қотилликда гумон қилинган ёшлардан бири кўп қаватли бинонинг учинчи қаватидан сакраб, ҳалок бўлгани айтилади.

Узметроном веб саҳифаси маълум қилишича, марҳум нозир хизмат қилган ҳудудда яқинда беш кишилик оила ваҳшийларча ўлдириб кетилганди.