Қозоғистон: ўзбекистонлик 2 бошпана изловчи чиқариб юборилиши мумкин

Шаҳноза ва Дилдора

Ўзбекистонлик икки бошпана изловчи аёлга кўра, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни ватанларига чиқариб юбориши мумкин.

Турмуш ўртоқларининг ортидан келган Дилдора Амирқулова ва Шаҳноза Муратоваларнинг паспортига "5 кун ичида чиқиб кетсин," деган муҳр урилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари миграция қўмитаси ноқонуний йўл тутганини айтмоқда.

Давлат томонидан тайинланган адвокат маҳкама қароридан 10 куннинг ичида шикоят ёзиш ҳаққи бор.

8-февраль куни Олма-Ота шаҳар маъмурий маҳкамаси Дилдора Амирқулова ва Шаҳноза Муратоваларга паспортини рўйхатдан ўтказмагани учун ҳар бирини 500 доллардан жаримага тортган.

Дилдорага кўра, Турксиб туман миграция полицияси инспектори Сағинай Нурсултонов уларни маҳкамага алдов йўли билан олиб борган.

"Сағинайнинг олдига паспортимни олишга бордим. У менга бизни ҳозир бошлиқ чақирган бирга боришимиз керак. Мана шу муаммони бошлиққа айтиб ўша ерда ҳал қиласан. Сен русчани билмайсан, шунинг учун таржимон ҳам оламиз, деб бизларни алдади. Кейин уйдан Шаҳнозани боласи билан бирга олдик. Чунки шаҳар миграцион бошқармасига кетаяпмиз, деб ўйладик. Кейин маъмурий суддан бир қоғоз олиб кейин кетамиз, деди. Бизларни алдаб судга олиб кирди," дейди Дилдора Амирқулова.

Шундан сўнг, олдиндан тайёрлаб қўйилган адвокат ва таржимон иштирокида маҳкамада иши кўрилиб, маҳкама жарима тўлаш ҳақидаги қарорни чиқарган.

"Бунча пулни тўлай олмаймиз," деб айтган Шаҳноза Муратова.

Миграция полицияси инспектори эса уларнинг паспортларини олиб кетиб, "5 куннинг ичида чиқиб кетсин," деб урилган муҳр билан қайтариб берган.

Давлат томонидан тайинланган адвокат Айнур Турсунбек маҳкаманинг ушбу қарори юзасидан шикоят тайёрлаётганини айтди.

"Уларнинг маъмурий иши бўйича, мен апеляцион шикоят тайёрлаяпман," деди Айнур Турсунбек.

Шаҳнозанинг қўлида бир ойлик ўғли, Дилдоранинг эса бир ёшли қизи бор.

Ноқонуний ҳаракатлар

Икки ўзбек бошпана изловчиси иши билан Қозоғистонда ҳали рўйхатдан ўтмаган мухолиф "Алға" партияси шуғулланишини маълум қилган.

Партия аъзоларидан Адилжан Кенжагалиевнинг Би-би-сига маълум қилишича, бошпана изловчиларнинг иши билан партия юристи яқиндан танишган ва уларнинг паспортига "депорт қилинсин," деб муҳр урган миграцион полицияси ҳуқуқий хатога йўл қўйган.

"Маҳкаманинг қарори фақат 18 февраль куни кучга киради. Биз миграцион полициянинг устидан шикоят қиламиз. Миграцион полиция ноқонуний ҳаракат қилди. Биз апеляцион тартибда шикоят киритамиз," дейди Адилжан Кенжагалиев.

Рўйхатдан ўтмаган "Алға" партияси бошпана изловчиларнинг Ўзбекистонга чиқариб юборилмаслиги учун маҳкама томонидан тайинланган бир минг доллар жаримани тўлашга тайёр эканини айтмоқда.

Адвокат топиш муаммоси

Давлат томонидан тайинланган адвокат Дилдора ва Шаҳнозалар устидан чиқарилган маъмурий маҳкама қарори устидангина шикоят ёзишини маълум қилди.

Қочқин аёлларнинг айтишларича, уларнинг қочқинлик мақомини олиш иши бўйича ҳозирча бирорта ҳам адвокат шуғулланишни истамаяпти.

Маҳаллий қонунлар бўйича пули йўқ кишига давлат томонидан адвокатлар тайинланиши керак.

Шундай мурожаат билан Олма-Ота шаҳар адвокатлар колегиясига борилганда, улар ҳеч қандай ҳуқуқий ёрдам беролмаслигини маълум қилганлар.

"Бошпана изловчи дейишимиз билан навбатчи адвокатнинг ранги ўзгарди. Кейин мен сизларнинг ишларингизни ололмайман, деди. Сабабини сўрасак, ҳаммаларингизнинг ишларингиз тепасида Миллий Хафвсизлик Қўмитаси турибди. Биз бунга аралаша олмаймиз, деб жавоб берди”, - дейди бошпана изловчилардан Умида Азимова.

Дилдора Амирқулова ва Шаҳноза Мухторавалар турмуш ўртоқлари ака-ука Сунатилло ва Суҳроб Қўлдошевларнинг ортидан Қозоғистонга бошпана излаб келган.

Қозоғистон Миграция Қўмитаси уларга қочқин мақомини беришдан бош тортгач, қўмита қароридан норози бўлиб, маҳкамага мурожаат қилиши лозим эди.

Аммо улар маблағи бўлмагани учун адвокат ёллай олишмаган ва вақтида маҳкамага мурожаат қила олишмаган.

Натижада, вақт ўтиши билан уларнинг рўйхатда туриш муддати ҳам ўтган.

26 январ куни миграция полициясидан паспортлари текширилгач, ака-укалар паспорти йўқлиги боис 30 кунга шахсини аниқлаш учун қамаб қўйилади.

Дилдора ва Шаҳнозаларнинг рўйхатдан вақтида ўтмагани учун миграция полицияси маҳкамага беради.

Энди улар 18 февралгача маҳкама қарори юзасидан шикоят қилишлари лозим.

Акс ҳолда уларни Ўзбекистонга чиқариб юборишлари мумкин.