Чирчиқда ўтган ёпиқ маҳкамалар тафсилоти ошкор бўлди

Қидирувда бўлганлар
Image caption Тошкентда диний мулозимларга ҳужумлар ортидан қидирилаётган шахслар суратлари пайдо бўлганди

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг маълум қилишича, у 2010 йил баҳорида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган ёпиқ маҳкамаларнинг айрим тафсилотини ўрганишга муваффақ бўлган.

Ташаббус гуруҳи чиқарган баёнотда айтилишича, Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳаётига қасд қилиш ва Ички ишлар вазирлиги расмийси Ҳасан Асадовни ўлдиришга алоқадорликда ҳаммаси бўлиб 14 шахс устидан ёпиқ маҳкама ишлари бўлиб ўтган.

Маҳкамалар сўнгида мазкур 14 айбланувчиларнинг барчаси 13 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Айбланувчиларга Ўзбекистон жиноий кодексининг "қасддан одам ўлдириш", "терроризм", "конституцион тузумга тажовуз қилиш" дохил йигирмадан зиёд айбловлар қўйилган.

Айбланувчилар 2009 йилнинг сентябр-октябр ойларида ҳибсга олинганлар.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи, мазкур муддат ичида Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳаётига қасд қилиш ва Ички ишлар вазирлиги полковниги Ҳасан Асадовни ўлдиришга алоқадорликда ҳаммаси бўлиб, 200 дан кўпроқ одам ҳибсга олинган ва улардан 84 нафари жиноий ва маҳкама ишларига тортилган.

Ташаббус гуруҳининг илова қилишича, озодликдан маҳрум этилган 14 шахснинг барчаси Тошкент вилояти Қибрай туманидан бўлган.

Гуруҳ баёнотида шунингдек барча маҳкумлар тергов пайтида "шафқатсиз қийноқларга" тутилганини таъкидланади.

Маҳкумлар яқинларига ҳозиргача ҳукмлар нусхаси берилмаган, яқинлари қайси жазони ўташ муассисаларида сақланаётгани ошкор этилмаган.

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов жонига суиқасд 2009 йилнинг 31 июл куни содир этилганди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терроризм ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходими Ҳасан Асадов отиб ўлдирилди.