Аброр Қосимов масъуллар сўрови билан очлик тутишни тўхтатган

Image caption Аброр Қосимовнинг оиласи унинг масъуллар сўрови билан очлик тутишни тўхтатганини айтмоқда

Калтаклангани айтилаётган ўзбекистонлик бошпана изловчи Аброр Қосимов очлик тутишни тўхтатган.

Бошпана изловчининг турмуш ўртоғи Марғуба Худойберди Охунованинг айтишича, тергов изоляторида сақланаётган Аброрнинг олдига Миллий Хавфсизлик қўмитаси раҳбарлари кирган ва талабларини ўринлатишини билдирган.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси унинг калтакланганини рад этмоқда.

Аброр Қосимовнинг олдига 10 феврал куни Миллий Хавфсизлик қўмитаси Олма ота шаҳар департаментидан ва шаҳар прокуратурасидан масъуллар киришган.

“Келишиб, қани нима бўлди, бизга шунақа шикоят тушди, дейишибди. Орқасини очиб кўрсатган экан, ўзлари ҳам қўрқиб кетишибди. Кейин дарҳол ариза ёздиришибди. Ҳамма бўлган ишни ёзиб берибди”, - дейди аёли Марғуба Худойберди Охунова.

Марғубага кўра, турмуш ўртоғи билан суҳбатда бўлган масъуллар мулойимлик билан унинг нима исташини сўраган. Аброр икки ўзбек билан бир хонага қўйишларини талаб қилган. Масъуллар унинг талаблари қондирилишини ва очликни тўхтатишни сўрашган.

Шундан сўнг Аброр Қосимов очлик эълон қилишни тўхтатган, энди халқаро ташкилот вакиллари ва юристларнинг унинг олдига кириб ўз ҳимояларига олишларини талаб қилмоқда.

Агар талаблари бажарилмаса, душанба кунидан бошлаб очликни яна давом эттиришни маълум қилган.

Ҳибсда сақланаётган Аброр Қосимовнинг 3 февраль куни қаттиқ калтаклангани айтилган эди. Уни кўриб чиққан адвокат бўйрак қисмида кўкаришлар борлигини айтган эди. Қовурғаси синган бўлишини гумон қилаётган Аброр Қосимов адвокат орқали жамоатчиликка мактуб билан мурожаат қилган. У 7 феврал очлик эълон қилганди.

Ҳеч қандай калтаклашлар йўқ

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Кенжабўлат Бекназаров Би-би-сига ўзбекистонлик бошпана изловчининг калтакланиши нотўғри хабар эканлигини айтди.

“Масъулиятни зиммамга олиб шу нарсани маълум қиламанки, ушбу хабар ҳақиқатга мос келмайди. Ушбу хабарни сизга адвокатлар ва бошқа вакиллар ҳам тасдиқлаши мумкин. Мен шахсан ўзим ушбу иш билан шуғулланганим учун ишонч билан айтаяпман,” дейди Кенжабўлат Бекназаров.

Бекназаров жанобларига кўра, тергов изоляторида бундан ташқари ҳарбий прокуратура ва тиббиёт ходимлари ўзларининг текширишларини ўтказиб туради. Қосимовнинг аризасидан сўнг ҳам тиббий кўрик ўтказилган ва ҳеч қандай ички синишлар қайд этилмаган. Тиббий кўрик унинг калтакланганини тасдиқламаган.

“Аммо унинг ўнг орқа томонида кўкаришлар борлиги рост. Бу нарсани ўзи қилгани ҳақида тахминлар бор. Қўли билан ҳар доим уриб кўкартириш мумкин-ку. Бироқ жиддий жароҳатлари йўқ”, - дейди Миллий Хафвсизлик қўмитаси матбуот котиби.

Жаноб Бекназаровнинг айтишича, ҳибсхонага ўрнатилган тартиб бўйича халқаро ташкилот вакиллари кириши мумкин. Бундан олдинги мана шундай ташрифлар чоғида ҳибсдагилар томонидан ҳеч қандай норозиликлар бўлмаган.

Муносабат яхши

Миллий Хавфсизлик қўмитаси Олма ота департаменти тергов изоляторида 15 бошпана изловчи ушлаб турилибди. Би-би-си билан суҳбатда бўлган уларнинг яқинлари ҳибсхонада муносабат яхши эканлигини таъкидлашди. Суҳбатдан сал олдинроқ турмуш ўртоғини кўриб келган исмини айтишни истамаган бошпана изловчи эри ёмон муносабатдан шикоят қилмаганини айтади.

“Муносабатни ёмон дейишмайди. Ҳеч ким бизга тегмайди, муомаласи ҳам яхши. Ўзинг қандай муомала қилсанг, сенга ҳам шундай муомала қилишади дейдилар”, - дейди тергов изоляторида ўтирган бошпана изловчининг турмуш ўртоғи.

Эрлари Миллий Хафвсизлик қўмитаси тергов изоляторида ўтирган бошқа аёллар ҳам шу пайтгача уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишмаганини айтди.

Олма ота шаҳар тергов изоляторларида жами 29 бошпана изловчи ўтирибди. Уларни Ўзбекистон давлатлараро қидирувга берган. Бошпана изловчиларнинг адвокатлари уларга қочқин мақомини олиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслик бўйича маҳкамага мурожаат қилган.