Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2011 - 18:03 GMT

"Ўзбекистон ажойиб мамлакат, аммо оддий инсонларнинг қўли боғланган"

Британиялик сураткаш ва журналист Зарина Холмс ўтган йил Тошкентда бўлиб ўтган мода ҳафталигини ёритиш учун Ўзбекистонга таклиф этилган. Сураткаш Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова топшириғи билан ўтказиладиган ҳашаматли тадбир ва оддий инсонлар ҳаёти ўртасидаги контрастга гувоҳ бўлган. Зарина Холмс ўз таассуротлари ҳақида Ибрат Сафо билан ўртоқлашди.

"Менимча, Ўзбекистон - ажойиб мамлакат, у катта салоҳиятга эга. Бир тарафдан, у жуда содда туюлади. Лекин, мен оддий одамларнинг ҳукумат томонидан қўли боғланганини сездим. Улар очиқ гапиришга жуда эхтиёткорлар, ва мен билан суҳбатларда эҳтиёт бўлишаётганини сездим. Чунки мен хорижликман.

Назорат

Мен у ерга сураткаш сифатида, ва журналистика талабаларини сураткашликка ўргатиш учун боргандим. Улар жуда ҳам билимга чанқоқ талабалар эди. Бошида ҳамма нарса кўнгилдагидек кечди.

Лекин бир ҳафта ўтиб, модалар ҳафтаси бошланганда, мен ўзимни ноқулай сездим. Чунки менинг ҳар бир қадамимни текшира бошлашди, олган суратларимни ҳеч сабабсиз йўқ қилишимни талаб қилишди.

Мен мода ҳафталигининг матбуот раҳбарларидан бири эдим, лекин баъзи хорижий журналистлар айнан нима учун у ерга олиб келинганини менга айтишдан бош тортишди. Бу ғалати туюлди менга.

Чегара ва қолип

Маҳаллий сураткашларга келсам, менимча улар ажойиб, жуда яхши сураткашлар. Улар жуда маҳоратли одамлар, лекин ўз фотокамераларини нотўғри нишонга қаратиб қўйишдан жуда қўрқишади. Улар нима қилишаётганини билишади ва қолипдан чиқишмайди. Улар қандай суратлар бошоғриқ келтириб чиқаришини яхши биладилар.

Бир мисол келтирсам, мода шоуси бошланишидан аввал камераларимизни ўрнатаётгандик, 10 дақиқача вақтимиз бор эди. У ерда икки фаррош аёл тиззаларига чўкиб олиб, модалар йўлагини тозалашаётганди.

Мен ҳайрон бўлдим, чунки Ғарбда бундай манзарани кўрмайсиз. Улар узун кўйлаклар кийволиб, йўлакни қўллари билан ювишаётганди. Мен бунга тахқиромуз нарса эмас, қизиқ бир нарса сифатида қарадим ва уларни суратга ола бошладим.

Кейин ортимга қарасам, бошқа сураткашларнинг оғзи очилиб, ларзага келганларини кўрдим. Нима қилиб қўйдим, деб ўйлаб қолдим. Лекин суратга олишда давом этдим.

Матбуот цензура ва ҳийла-найрангга аралашган. Фотожурналистика эркин бўлиши керак.

Тўсатдан бошқа сураткашлар ҳам менга қўшилиб, икки фаррошни суратга ола бошладилар.

Ўшанда тушуниб етдим, демак сураткашлар нимани суратга олиши ва нимани олмаслиги борасида ижтимоий қоидалар бор экан. Фаррошлар суратга олиш мумкин бўлмаган манзарага кирар экан.

Шу мисол билан Ўзбекистон имиджи нақадар назорат этилишини англаб етдим.

Умида Аҳмедова

Шахсан мен Умида Аҳмедованинг суратларига мафтун бўлганман. Унинг Ўзбекистонда ман қилинган китобини мен айнан Ўзбекистонда кўрдим. Мен унинг ман қилинганини билмасдим, лекин менга у "ёмон китоб" эканини билдириб қўйишди.

Китобни варақлаганимда ундаги суратлар нақадар соддадил, соф, ҳаққоний эканларини кўрдим. Лекин, бу китобдаги суратлар ўзбек маҳкамаси томонидан ҳақорат дея талқин қилинганини эшитганимда, бу ўзга дунё экан деб ўйлаб қолдим.

Умидага раҳмим келади, чунки у ўз ишини қилаётганди, холос. У бировга зарар етказишни мақсад қилганига мен ишонмайман.

Унинг вазифаси атрофида нима бўлса шуни суратга олишдир.

Фотожурналистика ва эркинлик

Менимча, фотожурналистика матбуотда катта роль ўйнайди. Чунки биз сураткашлар бутун вазиятнинг бевосита гувоҳларимиз.

Афсуски, фотожурналистика икки мақсадда қўлланилиши мумкин. У ҳақиқатни ёритиш учун ёки тарғибот учун ишлатилиши мумкин. Менга ёқмайдиган тарафи шуки, Ғарбда фотожурналистика бир томонлама амал қилади, фотокамералар Марказий Осиёнинг салбий жиҳатларига қаратилган.

Мен бунга қаршиман.

Айни дамда Ўзбекистонга борганимда бунинг буткул тескарисини кўрдим, у ерда матбуот тарғибот учун назорат қилинмоқда.

Бу бир таёқнинг икки учидек. Матбуот цензура ва ҳийла-найрангга аралашган.

Фотожурналистика эркин бўлиши керак. Сураткаш журналист ҳеч қандай томоннинг тарафини олмай, бор воқеъликни намоён қилиши лозим. Мен, шунингдек, ўзбек сураткашлари Ғарбнинг Ўзбекистон ҳақидаги қарашларини ўзгартиришларини истардим.

Чунки Ғарбда ҳозирда мавжуд бўлган таассурот шуки, ўзбеклар очиқ эмас, ҳамкорликни исташмайди ва одамларга салбий муносабат қилишади.

Агар ўзбек сураткашларига имкон берилса, аминманки, Ўзбекистон ҳақидаги қарашлар янгиланади."

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.