Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қашқадарёда 13 нафар "жиҳодчи" узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилди

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида"Жиҳодчилар" диний гуруҳига мансубликда айбланган 13 киши узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилди.

Маҳкама ҳукмида айтилишича, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида яшаб келган 34-54 ёш ўртасидаги мазкур шахслар "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аъзолари ҳам бўлган ва амалдаги тузумни ағдаришга уринганлар.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг маҳкама ҳукмига иқтибосан маълум қилишича, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбланган бу шахслар гўёки вилоятнинг Нишон туманида "Жиҳодчилар" диний оқимининг "Жиҳодчилар Нишон" тармоғини тузганлар.

Маҳаллий имом ва фермерлардан иборат гуруҳ аъзолари ўтган йилнинг сентябрида ҳибсга олинганди.

Маҳкама ҳукмига кўра, нишонлик имом ва фермерлардан иборат "Жиҳодчилар" Ислом давлати қуриш "ғоялари билан заҳарланиб", мамлакатдаги "бошқарув тартиби, жамоат хавфсизлиги ҳамда оила, ёшлар ва ахлоққа қарши қаратилган жиноятларни содир этиш йўлига киришганлар".

Маҳкама ҳукми билан яқиндан танишган журналист ва "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг маҳкумлар яқинларига таяниб айтишича, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган шахслар "ҳаттоки диндор ҳам бўлишмаган".

Би-би-си айблов тафсилотини билиш учун Абдураҳмон Ташановни суҳбатга тортди.