CPJ:2010 йилда Ўзбекистонда журналистларга босим кучайган

Image caption "Ўзбекистонда журналистларга нисбатан босим кучайган"

Қароргоҳи Америкада бўлган Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ўтган йили журналистларга босимлар кучайган.

Бир неча маҳаллий ва халқаро хабар агентликларининг веб саҳифаларига тўсиқ қўйилган.

Қамоққа ташланган журналистлар сони бўйича ҳам Ўзбекистон минтақада етакчи ўринни эгаллаган.

Президент Каримов журналистларни "фаоллик"ка чақириб келишига қарамай, унинг ҳукумати танқидий мақолалар ёзадиган журналистлар овозларини ўчириш учун янги усулларни қўлламоқда, дейилади ҳисоботда.

Журналистларни ҳимоя қилувчи бу қўмита ўз ҳисоботида Умида Аҳмедованинг фотосуратлари учун "ўзбек халқини ҳақоратлашда " айбланиб маҳкамага тортилганини келтиради.

Президентнинг жияни Жамшид Каримов дохил камида олти нафар журналист ўзларининг танқидий мақолалари учун қамоққа ташланганлар.

Ҳисоботга кўра, айни шароитда Каримов жанобларининг " тишсиз " журналистларни танқид қилиши мантиққа зиддир.

2009 йилда эса ОИТСга қарши курашда фаол журналистлардан бири Максим Попов бу бедаво касалликка қарши чиқарган қўлланмалари учун қамоққа ташлангани урғуланади.

Максим Попов балоғатга етмаганларни бузуқликка етаклади қабилидаги айблар билан етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Айни ҳисоботда яна икки журналист тақдири ҳақида сўз боради.

Улар Америка Овози радиосининг мухбири Абдумалик Бобоев ва ҳукуматга лойиқ интернет нашри Вестининг муҳаррири Владимир Березовскийлардир.

Икковлон ўз хабарлари ва мақолалари билан мамлакат шаънига туҳмат қилишда айбланганлар.

Умида Аҳмедова ва Владимир Березовскийлар маҳкама томонидан айбдор деб топилиб авф этилган бўлишса, Абдумалик Бобоев ўн минг АҚШ долларидан ортиқроқ жарима ҳукмига лойиқ кўрилганди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда мингга яқин нашрлар сони ва юзга яқин радио-телевизион каналлар билан мақтангани билан қўмитага кўра, уларнинг фаолияти давлат назорати остида қолмоқда.

Ўтган йил Ўзбекистон телевизионида икки журналист Ёшлар ТВдаги цензурани ошкора танқид қилишганини қўмита камдан кам бўладиган ҳолат деб таърифлайди.

Айни ҳисоботда шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб халқаро ахборот агентликлари, жумладан, Би-би-си, Озодлик, Америка овози, Фарғона, Узнюс ва Лента каби интернет нашрларга тўсиқ ўрнатгани ҳам урғуланади.