"Ўзбекистонда интернетдан ким қўрқади?"

Image caption Миср инқилобини интернетсиз тасаввур қилиш мушкул...ҳатто Ўзбекистонда ҳам

Ассалому алайкум!

Ҳурматли Би-би-си журналистлари!

Бугун дунёда Интернет ва қўл телефонлари яратаётган мўъжиза нақадар оммалашиб бораётган эса, бизнинг Ўзбекистонда бу каби алоқа, бир маънода, хабар ва янгилик тарқатиш воситасидан огоҳлик тобора ошиб бормоқда. Айниқса, Тунис ва Мисрда юз берган намойишлар ортидан бу мамлакатларда узоқ йиллар қудратни қўлдан бермай келган раҳбарларнинг ағдарилиши Ўзбекистонни хавотирга солмай иложи йўқ эди.

Ўзбекистонда интернет ва қўл телефонларидан фойдаланувчилар минтақада энг кўп сонли бўлишига қарамай, бу илғор технологиядан фойдаланиш имкониятлари бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан анчайин чекланган. Яъни, демоқчи бўлганим, техник жиҳатдан эмас, балки интернет ва ижтимоий медиа воситаларини қаттиқ назорат остига олиниши юзасидан туғилган умумий ҳадик ва қўрқув жиҳатидан.

Ўтган ҳафта Мисрдаги намойишлар энг авжига чиққан пайти интернет кафега кириб бу ҳақдаги хабарларни ўқиб кўрмоқчи бўлдим. Чунки, уйда на кабел, на тарелка бор. Компютерга ўтирганимдан кейин уч-тўрт дақиқа ўтибоқ ўзимнинг бу ердаги энг шубҳали шахсга айланганимни сезиб қолдим. Бу гавжум кафеда аксар ёшлар-шовқин сурон кўтариб компютер ўйинлари ўйнар, бир икки йигит ўзбекча чатларда "прикол" гаплар ёзиб, ҳузур қилиб кулишарди. Икки дугона эса "одноклассники"даги суратларни кўриб қизғин муҳокама қиларди. Буларнинг орасида битта ўзим рус тилидаги хабар агентликларини очаётганим ва жимгина сиёсий янгиликлар ўқиётганим ҳамманинг шубҳасини уйғотганди. Интернет кафе назоратчиси бетоқат бўлиб, мени тезроқ кетишимни кута бошлади. Чунки уларга ҳам тирикчилик керак.

Ўзбекистонда интернет кафелар махсус хизматлар томонидан назорат қилиниши ва кафе эгалари доимий равишда "шубҳали" саналган вебсаҳифаларга кираётган мижозлар ҳақида хабар беришга мажбур эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Интернет кафеларда таъқиқланган сиёсий ва диний мазмунга эга вебсайтларга кирганлик учун жарима солиниши ҳақидаги эълонларни учратиш мумкин.

Гарчанд Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ва диний вазиятни очиқ ва рўй-рост муҳокама этадиган вебсаҳифаларга тўсиқ қўйилган эсада, кўпчилик турли прокси хизматларидан фойдаланади. Интернет кафеларда эса бундай прокси хизматлардан фойдаланиш жаримага ёки кафе эгасининг мулойимгина "қайтиб бу ерга келманг" деган сўзларига сабаб бўлади.

Умуман эса, Ўзбекистонда интернет ягона давлат корхонаси томонидан тарқатилар экан, бу мулозимларга бугун чексиз имкониятларга эга бўлган бу алоқа воситасини қайсидир даражада назорат қилиб туриш имконини беради.

Тошкентлик интернет ва компютер дастурлари мутахассисининг айтишича, гарчанд бугун "назоратдан" ташқари ҳолатда интернетда бемалол сайр қилиш мумкин эсада, аксарият кишилар бундай қадам қўйишдан ўзларини чеклаб туради.

"Менимча, бизнинг жамият кўпроқ миш-мишлар билан яшайди. Интернетга кирган ҳар бир одамнинг ҳар бир қадами кузатиб турилади, ҳамма телефон сўзлашувлари эшитилади," деган гапларга аксарият кишилар чиппа-чин ишонади," дейди у.

Image caption Facebook тармоғига аъзолар сони Ўзбекистонда ҳам минглаб экани айтилади.

Шу боис аксар ёшлар "Фэйсбук", "Мой Мир", "Одноклассники" каби ижтимоий вебсаҳифалардан доимий фойдалансада, ўзаро мулоқотларда ҳукумат сиёсатига алоқадар мавзуларни деярли тилга олмайди.

Интернет ва ижтимоий медиаларда аксар ҳолларда талабалар фаол бўлса, уларнинг бу фаоллиги ўқитувчилар томонидан бошқарилиб турилади, баъзан керагидан ошиқча ҳолда. Тошкентдаги олий ўқув юрти талабасига кўра, "домлалар интернетдаги хавфли мавзулар ҳақида талабаларни доимий равишда огоҳлантириб туради". Чунки, бирор-бир талабанинг ҳукумат сиёсатига қарши гаплари аниқланса, ўқитувчи ҳам жавобгар бўлади. Яна бир томондан ота-оналар ҳам худди шундай "назоратчи" вазифасини бажаради.

Лекин кейинги пайтда Arbuz.com интернет форуми иштирокчилари тақдири билан боғлиқ воқеа халқ оғзида юрадиган миш-мишларда жон борлигини тасдиқлагандек. Аввалроқ бу форум қатнашчиларидан бир неча нафари ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалган бўлса, шу ой бошида ўзини форум маъмури деб таништирган шахс бу ҳибсга олишларни тасдиқлади.

Инглиз тилидаги хатига MegaZ исми билан имзо қўйган форум эгаси "кишилар фақатгина очиқ форумда нимадир ёзаётгани учун ҳисбга олинишини" хоҳламагани туфайли “Ўзбекистон: Муаммо ва ечимлар”, “Дин” ва “Қирғизистондаги фожеали воқеалар” номли бўлимларни олиб ташлашга қарор қилганини ҳамда форум эгалигини бошқа шахсга ўтказаётганини билдирган.

У шунингдек, форум қатнашчиларини Ўзбекистон ҳудудидан туриб ҳеч қачон бу форумга киришга уринмасликка чақиради ва бунга амал қилмасликни "аҳмоқлик" деб атайди.

"Агар сиз форумга кириш имкониятини берувчи интернет кафега кирсангиз шуни билингки, қандайдир махсус дастур сизнинг логин, босган тугмачаларингиз ва бошқа муҳим маълумотларни эслаб қолади," деб ёзади MegaZ ўз сайтидаги огоҳлантиришда.

Image caption "Домланинг устидан доллар сочган шоввозлар..."

Бир пайтлар Умид жамғармаси томонидан хорижда ўқиган талабалар томонилан яратилган бу форумнинг охирги тақдири Ўзбекистонда одамларни янада ҳушёрроқ бўлиш ва интернетдаги форумлардан эҳтиёт бўлишга чорлайди.

Ҳукумат авваллари сиёсий ва диний мавзуда интернетга, айниқса youtube вебсаҳифасига қўйилаётган материалларга жиддий хавотир билан қараган эса, кейинчалик бунга "одоб доирасидан ташқари" саналган видеолар ҳам назорат доирасига тушди. Ўтган бер неча йил ичида Ўзбекистонда овоза бўлган "шаҳвоний" мазмунга эга видеоларнинг интернетда тарқаб кетиши айрим мулозимларнинг интернетнинг "фойдасидан кўра зарари кўпроқ" деган тушунчага келишига сабаб бўлди.

Ўзбекистондаги "энг бойлар ўқийдиган Иқтисод университети" ўқув залида ўқитувчи билан талаба ўртасидаги муштлашув бундан икки йил аввал интернетда ва ҳар бир талабанинг қўл телефонида пайдо бўлди. Ўтган йили эса youtubeда бир неча талабанинг имтиҳон олаётган ўқитувчи устидан доллар сочаётгани видеоси пайдо бўлди.

Университетдаги манбага кўра, бугунги кунуда ўша талабалар ўқишдан, ўқитувчи эса ишдан ҳайдалган. Кейинроқ ўқув юртларига "крутой" талабалар рўйхатини тузиш топширилган.

Ўзбекистонда назоратнинг бу каби кучлилиги одамларни интернет ва қўл телефони имкониятларидан фойдаланишда ҳамиша ҳушёрликка чақиради. Қолаверса, Ўзбекистонда бошқа давлатлардаги каби дўкондан қўл телефони ва сим карта сотиб олиш мумкин эмас. Қўл телефони рақами фақат паспорт билан берилади. Бу эса қўл телефони эгаси қаерда бўлмасин, Twitter ва ёки бошқаси, ўзидан из қолдиришини билдиради.

Шу сабаб демоқчи бўлганим, айрим мамлакатлардаги каби оммавий халқ норозилигининг юзага келишида интернет ва ижтимоий медиа кабиларнинг муҳим аҳамият тутиш ҳоллари Ўзбекистонда деярли йўқ дейиш мумкин.

Бироқ диний ва сиёсий мавзулардан узоқ, "жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон ҳақида нотўғри тасаввур пайдо қилмайдиган" ва одоб доирасидан ташқари бўлмаса, марҳамат, ҳар қанча ва ҳар қаерга ёзаверинг. Ҳозир интернетда куёв топиб, Жанубий Кореяда яшаётган, Ўзбекистондаги укаларига машина олиб бераётган қизлар мавзуси халқ оғзида.

Ҳурмат ила ўзбекистонлик мухлисингиз.

BBC бўйлаб