Ўзбекистон президенти ўз матбуот котиби ва Тошкент ҳокимини ишдан бўшатди

Ислом Каримов

Россиянинг "Регнум" Ахборот Агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага таяниб маълум қилишича, Президент Ислом Каримов ўз сўзчиси Улуғбек Ҳасанов ва Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевни вазифаларидан бўшатган.

Манбага кўра, Тошкент шаҳар ижроий ҳокими этиб ҳозирга қадар шаҳар қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари вазифасини бажарган Раҳмонбек Усмоновни тайинлаган

Президент матбуот котиби вазифасини бажариб туриш эса ҳозирга қадар матбуот котиби ўринбосари вазифасини ижро этган Садриддин Суяров тайинланган.

46 ёшли Улуғбек Ҳасанов матбуот котиби вазифасига икки йил муқаддам тайинланган эди.

Асли касби журналист бўлган Садриддин Суяров аввалроқ Ўзтелерадио ва "Жаҳон" Ахборот Агентликларида масъул вазифаларни ижро этганди.

Ҳукуматдаги манба ҳукуматдаги мазкур ўзгаришлар сабабини изоҳламаган.

Амалда Президент Каримов томонидан бошқариладиган Ўзбекистон ҳукуматидаги ўзгаришлар "кадрларнинг жузъий алмашинуви" сифатида кўрилади.

Кўпчилик сўнгги ўзгаришларнинг асосий сабаблари ҳам фақат Президентга маълум, деб ишонади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда охирги йилларда қонунга зид амалларда айбланиб, терговга тортилаётган мансабдорлар сони ортиб бораяпти.