Шу йилнинг ўзида тўрт хоразмлик Россияда вафот этди - "Нажот"

Хоразм вилоятида жойлашган "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар қилишича, жорий йил бошидан 12 февралгача Россияда ишлаётган тўрт нафар хоразмлик меҳнат муҳожири ҳаётдан кўз юмган.

Хабарда айтилишича, охирги ҳодисалардан бирида 9 феврал куни 26 ёшли Ҳабибулла Султонов Москва вилоятида юз берган йўл фалокатида нобуд бўлган.

Ҳабибулла Султонов Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидан бўлган.

У 2009 йилда пул топиш илинжида Москвага йўл олган ва ўлимига қадар Москва вилоятининг турли туманларида ишлаб келган.

Ҳабибулла ўлимига қадар оиласига 800 доллар жўната олган.

Унинг ўлими қандай юз бергани борасида "Нажот" тафсилотларга эга эмас.

Россияда яшаб ва ишлаб келаётган ўзбекистонлик муҳожирлар вафот этган ватандошларининг Ўзбекистонга қайтарилиши жараёни қийин ва қимматлигидан арз қилиб келишади.

Ўзбек диаспоралари Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси мазкур жараёнда ёрдам бермагани туфайли ўзлари пул жамлаб, марҳум жасадининг ватанга қайтарилишини йўлга қўйишларини айтишади.

"Нажот"га кўра, жасаднинг Россиядан Ўзбекистонга олиб келиниши учун камида 2000 минг доллар керак бўлади.

Ҳабибулла билан бир кунда яна бир қўшкўпирлик муҳожир автоҳалокатда нобуд бўлган.

"Нажот" ташкилоти билан суҳбатлашган яна бир хоразмлик муҳожир Нурик Мадримовнинг айтишича, охирги вақтда Россияда ўзбекистонлик муҳожирларга қарши босимлар кучайган.

"Ҳақорат қилиш, дўппослашлар, қўрқитишлар ва яшаб турган ётоқхоналаридан қувиб чиқаришлар оддий ҳолга айланган," - дейилади "Нажот" ҳисоботида.

Калининград вилоятида меҳнат қилаётган яна бир муҳожир Марзия Ўрмонованинг арз қилишича, вилоятда айниқса ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан босим ошган.

Унинг айтишича, муҳожирларни расмий рўйхатга олувчи идоралар ўзбекистонлик ишчиларни "деярли қувиб чиқаришаяпти".

Айни дамда "Нажот" Россияда жиноят содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган хоразмлик муҳожирлар оилалари ташкилотдан ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат этаётганларини ҳам хабар қилади.