Норбой Холжигитов халқаро текширувчилардан яширилган

Image caption Қандли диабет касаллигидан азоб чекаётган Холжигитовнинг саломатлиги тобора ёмонлашиб бормоқда

Норасмий Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг соғлиги ёмонлашганидан хавотир билдирган.

Ташкилотнинг маҳбус яқинларига иқтибосан билдиришича, Қаршидаги қамоқхона маъмурияти 58 ёшли Холжигитовнинг тиббий ёрдам кўрсатишни сўраб қилган мурожаатларини жавобсиз қолдирмоқда.

Яқинларининг даъво қилишича, шу йил бошида қамоқхона мулозимлари Норбой Холжигитовни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакиллари билан учраштирмаслик учун уни вақтинча бошқа ҳибсхонада сақлаб турганлар.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг Би-би-сига айтишича, халқаро ташкилот текшируви олдидан Холжигитовга қамоқхона маъмурияти Тошкентга тиббий муолажа учун олиб кетилишини ваъда қилган.

Аммо, у сўнгра Тошкент эмас, балки Косон тумани Ички Ишлар Бошқармасининг ертўласига олиб бориб ташланган.

Ертўлада тўрт кун сақланиши ортидан, Холжигитов яна Қаршидаги қамоқхонага қайтарилган.

"Соғлиги ёмонлашиб бўлган сиёсий маҳбусларни Ўзбекистон ҳукумати текширувлар пайтида яшириб қўймоқда," - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Унинг айтишича, Қизил Хоч ташкилоти Холжигитовнинг айни қамоқхонада бўлганидан хабардор бўлган, чунки текширувлардан аввал Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ташкилотга бир неча бор Холжигитов аҳволидан хавотир билдириб мурожаат қилган.

"Ҳозир унинг икки оёғи деярли ишламай қолган. Саратон ойида, энг иссиқ ойда ҳам оёқлари яхлаб қолади, базўр юради. Қандли диабет касаллиги туфайли оғзидаги барча тишлари тушиб кетган," - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Норбой Холжигитов, бошқа сиёсий маҳбуслар сингари, маҳбуслар амнистиясидан истисно қилинади. Расмий тарзда қамоқхона маъмурияти унинг ички қонун-қоидаларни бузгани учун амнистияга тушмаслигини маълум қилган.

Ўзбекистондаги фаолларга биноан, амнистия ёки озод этилиш санаси яқинлашганда сиёсий маҳбусларга нисбатан сохта айблар, хусусан, ички қонунларни бузиш айби қўлланиши одатий ҳол.

58 ёшли Норбой Холжигитов 2005 йили товламачилик, конституцион тузумга таҳдид ва президент жонига суиқасд қилишга уриниш айбловлари билан ҳибсга олиниб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.