Ўзбекистонда ижтимоий интернет тармоқларига чеклов кучаймоқда

интернет кафе Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистон "интернетнинг ашаддий душманлари" бўлган мамлакатлар қаторида ҳисобланади

Ўзбекистонда оммавий интернет тармоқларига чекловлар кучайган.

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар бу ҳолатни араб давлатларидаги тартибсизликларнинг ижтимоий интернет тармоқларида қизғин баҳс этилаётгани билан боғлашмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, феврал ойидан бошлаб баъзи ижтимоий веб тармоқларига кириш чекланган.

Барча мустақил ҳамда Би-би-си, "Озодлик", "Америка Овози", Uznews.net ва fergananews.com каби веб саҳифалар Ўзбекистонда манъ қилинган нашриялар сирасига киради.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони етти миллиондан ошади.

Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқлар очиқ эса-да, аммо уларнинг араб давлатларида бўлаётган эврилишлар ҳақида баҳс юритаётган форумлари мутлақо очилмайди.

Ўзбекистон расмий матбуоти эса Тунис ва Мисрдагри инқилобларни деярли ёритгани йўқ.

Кузатувчиларга кўра, ўта фаоллашиб кетган ҳар қандай интернет фойдаланувчиси Ўзбекистон махсус хизматларининг назарига тушиши мумкин.

Ўзбекистондаги аксар интернет кафеларда "Ўзбекистон конституциясига зид, экстремистик ва порнографик веб саҳифаларга кириш ман қилинади," деган ёзувлар ёпиштирилган.

"Янги алоқа технологиялар мавжуд эса-да, Ўзбекистон ташқи дунёдан деярли иҳоталаб қўйилган," дейди ўз исмини ошкор этишни истамаган инсон ҳуқуқлари фаоли.

"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистонни "интернет ашаддий душманлари" бўлган мамлактлар қаторига киритган.