Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожикистон: қирғизистонлик ўзбек қочқинлари ўз тақдирларидан хавотирда

Ўтган йили Қирғизистон жанубидаги қирғиндан жон сақлаб, Тожикистонда БМТнинг қочқинлик мақомини олган 50 ка яқин қирғизистонлик ўзбеклар халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, ўзларини тезроқ бехавотир мамлакатга ўтказишни илтимос қилганлар.

"Қочқинларнинг аксарини ёш болалар ва аёллар, жумладан ҳомилали аёллар ташкил этади. Тожикистон Республикасида ишсизлик даражасининг юқори экани ва қашшоқлик туфайли, сизга маълумки, биз муҳожирларга иш топиш ва оила тебратиш муаммолидир," дейилади қирғизистонлик қочқинлар чиқарган мурожаатда.

Қочқинлар мурожаатида айтилишича, улар расман қочқин мақомлари бўлишига қарамасдан, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиниб, Қирғизистонга олиб кетилишлари эҳтимолидан ташвиш билдирганлар.

"Тожикистон Республикасининг ҳам Кишинев Конвенцияси аъзоси экани бизни хавотирга солади. Агар қирғиз томонидан талаб бўлгани тақдирда Тожикистон ҳукумати бизни миллатчилар қўлига топшириши мумкин," деб таъкидланади қочқинлар мурожаатида.

Қочқинлар шунингдек Қирғизистон жанубида уларнинг яқинларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар кучайиб бораётганидан ташвиш изҳор этганлар.

Тожикистонда бошпана топган қирғизистонлик қочқинларнинг бундай мурожаат билан чиқаётганларига сабаб нима?

Ушбу савол билан Би-би-си қирғизистонлик қочқинлардан бири Ҳабибулло Каримовга боғланди.