'Қашқадарёлик диндорлар тергов даврида қийноққа тутилган'

Image caption Ўзбек милицияси гумондорларни қийноққа тутиши билан ном чиқарган

Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи шу ой бошида узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган қашқадарёлик диндорларнинг "шафқатсиз қийноқларга тутилганликлари"ни айтган.

Гуруҳнинг диний экстремизмда айбланган нишонлик имом Абдуҳалил Тошпўлатовнинг яқинларидан иқтибос келтиришича, у ва у билан бирга 2010 йилнинг ҳибсга олинган укалари- Тошкент Ислом Универститетининг собиқ талабаси Абдужаббор Тошпўлатов ҳамда фермер Абдумажид Тошпўлатовларнинг тергов чоғида оёғи ва бошига резина таёқлар билан урилган, жинсий аъзолари куйдирилган ва тирноқлари орасига игна санчилган.

Ака-ука Тошпўлатовлар ҳамда Нишон туманининг "Каптарли" маҳалласидан бўлган яна 10 киши "Жиҳодчилар" ва "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га аъзоликда айбланган.

Аммо жиноят иши билан танишган Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи раҳбари Сурат Икромовга кўра, айблов "бутунлай тўқиб чиқарилган".

"Тергов "конституциявий тузумга тажовуз", "жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш" ҳамда "диний-экстремистик ташкилот тузиш ҳақидаги айбовларни "бошдан-оёқ тўқиб чиқарган", дейилади гуруҳ тарқатган хабарда.

"Ноинсоний қийноқлар"

Айбланувчиларнинг яқинларига кўра, 19 январ куни бошланган маҳкама жараёнида сўроқ қилинган ҳар бир айбланувчи Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳамда Нишон туман милицияси ходимлари томонидан "ноинсоний қийноқлар"га тутилганликлари ҳақида гапирганлар.

Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг хабарида маҳбусларни қиноққа солгани даъво қилинган 10 дан ортиқ Қашқадарё вилоят МХХ терговчилари ҳамда милиция ходимларининг исм ва лавозимлари келтирилган.

Айбланувчилардан биронтаси ҳам айбига иқрор бўлмаган.

Аммо ҳакам қийноқ даъволарини эътиборсиз қолдирган ва уларни 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Маҳбусларнинг яқинлари Президент Каримов, ИИВ, МХХ раҳбарлари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмен идорасига ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноқлардан шикоят қилиб, бир неча марта мурожаат этганлар, аммо ҳанузгача жавоб олишмаган.

Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи вилоятда диндорларга қарши ҳибсга олишлардан фойдаланиб, таъмагирлик қилаётганлар ҳам пайдо бўлганини айтмоқда.

Ташкилот диндорларнинг уйларига кириб, намоз ўқиётганлари ҳақида "милиция ва СНБга ёзамиз" деган қўрқитишлар билан уларнинг пул ёки мол-қўйларини олиб чиқиб кетаётгани даъво қилинган фуқароларнинг исм-шарифларини ҳам илова қилган.

"Жиҳодчилар"

"Жиҳодчилар" деб номланган гуруҳ аъзоларига қарши ҳибсга олишлар тўлқини 2009 йил ёзида Тошкентда диний уламоларга қарши содир этилгани даъво қилинган суиқасдлардан сўнг бошланган эди.

Ҳукуматпараст имом Анвар Қори Турсунов суиқасддан омон қолган, аммо унинг ёрдамчиси пичоқлаб, ўлдирилгани хабар қилинган.

Тафсилотлари ҳанузгача қоронғу қолаётган ҳодисаларда Ички Ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш бўйича мулозими Ҳасан Асадов ҳам ўлдирилган, деб ишонилади.

2009 йилнинг 30 август куни Тошкентнинг "Кўкча" мавзейида айни гуруҳ аъзолари экани айтилган шахслар билан қуролли тўқнашувда камида икки киши ҳалок бўлган.

Қотилликлар ортидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида кечган ёпиқ маҳкама жараёнларида 100га яқин одам маҳкум этилган.

Айбланувчилардан айримларининг яқинлари уларнинг қотилликларга алоқаларини рад этишган.