Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўтган йил апрелида Янгийўлда ўтган ёпиқ маҳкама тафсилотлари ошкор бўлди'

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Тошкент вилоятида ўтган ёпиқ маҳкама жараёнларидан бири айрим тафсилотларини қўлга киритган.

Ташкилот тарқатган хабарга кўра, 2010 йилнинг апрелида Янгийўл туман маҳкамаси 25 кишини 3 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум этган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг маълум қилишича, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159 моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-модданинг 1-банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ва тарқатиш), 244 модданинг 2-қисми (Диний экстремистик, бўлгинчилик, фундаменталистик ёки бошқа маън қилинган ташкилотлар тузганлик, уларга раҳбарлик, уларда иштирок этганлик), 216-модда (фаолияти тақиқланган жамоат бирлашмаларини ва диний ташкилот тузиш) бўйича айбдор топилган.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ушбу бу маҳкама журналист Хайрулло Ҳамидов ва у билан бирга яна 19 киши устидан кечган суд жараёнини ёдга солади.

"У ҳам шунақа сир тутилиб ўтган, худди шундай сценарий асосида бўлганди. Ана шуларнинг бир қисми деб биляпмиз, мана шу берилган маълумотлар асосидаги 25 киши устидан ҳукмларни", дейди Суръат Икромов.

Аммо, Суръат Икромовнинг айтишича, айблов хулосаси бўлмагани боис, судланганлар хусусида тўлиқ маълумотлар йўқ.

"Гап шундаки, биз ҳалигача айблов хулосасини қўлга кирита олмадик, фақат ҳукм бор. Агар айблов хулосаси бўлганда, маълум бўларди улар қаерда, нима учун ушлангани ва ҳоказолари. Ҳукмда аслида ёзиш керак шуни, лекин сир тутилгани учун бўлса керак, қирқ бетдан иборат бўлган ҳукмда асосий сабаблари, исбот ёки далилий нарсаларнинг ўзи йўқ", дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари. Суръат Икромов мана шундан келиб қилиб, судланганларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилгани борасида хулоса қилиш мумкинлигини айтади.

Унга кўра, ташкилот ҳозир озодликдан маҳрум этилган ушбу инсонларнинг қаерда сақланаётганлари ё-да, уларнинг аҳволлари қандайлиги тўғрисида маълумот олишга муваффақ бўлмаган.

Яширин маҳкама жараёнлари Ўзбекистонда янгилик эмас. Мустақил ҳимоячилар, журналистлар, бирон бир кузатувчилар ва ҳатто айбланувчиларнинг қариндошлари ҳам бундай жараёнларда иштирок этишларига рухсат берилмайди.