'Ўлмаган қул кўради..."

Ассалом алайкум Би Би Си журналистлари!

Кейинги пайтларда Араб дунёсидаги турли инқилоб, фуқаролар урушига айланаёзган халқ ғалаёнлари туфайли четдаги кўплаб матбуот нашрларида Ўзбекистонга ҳам қиёсан турли гап-сўзлар айтилмоқда. Жумладан, аҳолининг қашшоқ қатлами аҳволидаги, ишсизлик ва давлат органларидаги чуқур илдиз отган коррупция, бир мамлакатнинг қаттиққўл раҳбар остида узоқ йиллар қолиши каби ўхшашликлар туфайли Ўзбекистонда ҳам бу каби оммавий халқ норозилиги келиб чиқиши мумкинми, деган савол қўйилмоқда.

Шу муносабат ила каминаи камтарин ҳам мамлакатдаги мавжуд вазият ҳақида ўз фикру ожизимни ўртоқлашмоқчи эдим. Аввало айтишим керакки, ўзбек халқининг оилада отага, жамиятда раҳбарнинг кўзига тик қарамаслик одатлари, қолаверса, оила ва рўзғор ташвиши ҳамма нарсадан устун туриб, сиёсат энг охиридаги, ва ҳатто қўрқа-писа пичирлашиб гаплашиладиган мавзу эканини унутмасак, вазият бир қанча ойдинлашар эди.

Яқинда кўзидан нури анчайин кетиб қолганига қарамай архив титкилашни яхши кўрадиган бир ўртоғим менга рус тадқиқотчисининг 19 асрда ёзган хотираларидан иқтибос келтирди.

"Бу халқ маҳаллий золим ҳукмдорлар қўлидан ва ён атрофдаги кўчманчи халқларнинг талончи ҳужумларидан чексиз азоб тортади. Меҳнаткаш ва қўли гул бу халққа ўз ҳукмдорлари зулмидан ва кўчманчи халқлар ҳужумларидан ҳимоя кафолати берилиб, кундалик меҳнати учун шароит яратиб беришининг ўзи кифоя. Ҳокимият кимнинг қўлида бўлишининг аҳамияти йўқ," ўша иқтибосда тахминан шундай дейиларди.

Рус тадқиқотчиси Чор Россиясининг истилоси олдидан ўзбеклар ҳақида шундай ёзган, дейди архив титкилайдиган танишим.

Назаримда, мана орадан юз йиллар ўтиб ҳам аҳвол ўзгармагандек. Кимдир тарихда халқ ғалаёнлари бўлган, охиргиси, мана Андижон, 2005 йил, дея эътироз билдириши мумкин. Бироқ Андижондаги воқеалар оқибати нима билан якун топганини халқ жуда яхши билади. "Ширгуручдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади", деган мақол айнан бугунги вазият учун айтилгандек.

Қолаверса, ўзбек учун оила ва тинчлик энг муҳими экан, ҳар қандай қийинчилик ўткинчи экани ҳақидаги таскин ҳам катта иш беради. Одатда ҳар бир қишлоқда, шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллада ўзининг битта "ҳақиқатгўйи" бўлади. Одамлар айтолмай ичига ютиб юрган дардни давраларда баралла гапириб юборади, раҳбар борми, "агент" борми, аҳамият бермайди. Эндиликда ана ўша ҳақиқатгўйларнинг ҳам уни ўчган. Чунки ҳамма ўзидан қўрқади.

Ливиядаги халқ ғалаёнлари айни авжига чиққан кунлари Тошкентда кенг миқёсли антитеррор машқлари ўтказилди. Шаҳарда қуролли аскарлар, зирҳли ҳарбий машиналар пайдо бўлди. Тошкентлик 64 ёшли кишининг айтишича, бу бежизга бўлмаган. "Кўряпсанми, уйингда тинч ўтир," дегани бу дейди у шивирлаб. Унинг айтишича, у араб дунёсида бўлаётган ғалаёнларни Тошкентда ҳам тутса бўладиган Қозоғистон телеканали тўлқини орқали кузатиб келмоқда экан.

Умуман олганда, интернетдан фойдаланувчи ва Россия телеканалларини кўрувчи кишиларгина араб дунёсидаги воқеалардан хабардор. Ўзбекистоннинг аксар аҳолиси яшайдиган вилоятларда эса кўпчилик бу воқеаларни эшитмаган, эшитса ҳам заррача эътибор бермайди. Ўзбекистон қишлоқларида электр суткасига бор йўғи икки-уч марта қисқа вақт давомида берилар экан, одамлар бу қимматли дамларни Туркия ва Корея телесериалларини кўришга сарфлайди, холос.

Тошкентлик зиёли кишининг айтишича, ўзбекистонликларнинг сиёсатга бу қадар бепарволиги аввало қўрқувдан бўлса, кейингиси сиёсатга аралашиб ҳам вазиятни ўзгартиришга кўзлари етмаслигидандир.

"Бироқ ҳамма сиёсий ўзгаришлар юз беришини ич-ичидан истаб, ўзаро тор давраларда раҳбарларни бўралаб сўкади. Лекин бу ўзгаришларни асло ўзлари эмас, бошқалар қилиб беришини хоҳлайди. Чунки кўчага норози бўлиб чиқиб, кейин фақат ўзига эмас, бутун уруғ-аймоғи бошига ташвиш келтиришни ҳеч ким хоҳламайди, ахир орқада оила, бола-чақа бор," дейди у.

Одамлар олдинда яхши кунлар борлигидан умидвор ва ана шу кунларга етиш учун сиёсатга аралашмай, раҳбарлар ҳақида ёмон гапириб қўймай, қийинчиликларга чидаб бўлсада, ўзларини асраб юришлари кераклигини билади, ахир халқимиз айтадику, ўзини ўтга-чўққа урган ўлиб кетаверади, "ўлмаган қул эса кўради" деб,

ўзбекистонлик "ўлмаган қуллардан" бири.

Муштарийларимиз мактублари

Равшан Гапиров

Аллоҳ инсонни яратиш билан биргаликда, унинг умрини ва ризқини белгилаб қўйган. Ризқингизни еб, умрингизни яшаб адо этмагунингизча, ўлмайдирсиз. Ўлимни ҳеч ким бир дақиқа олдинга ёки орқага сура олмайди. Шундай экан, Шижоат умрни қисқартирмас, қўрқоқлик эса, узайтирмас. Бас, шундай экан, ҳақиқатни гапиришдан нега қўрқасиз ёки дунёга устун бўлмоқчимисиз? Бир- бирларингиздан эмас, Аллоҳдан қўрқинг! Аллоҳу Акбар!

MA'RUF MADRAHIMOV

BU MASALAGA MENING FIKRIM - HALI VAQT KELADI, JAVOBI BOR HAR NARSAN.

Aliev Behzod

Albatta ALLOH barcha narsaga qodir zotdir. Biz ALLOHdan barcha musulmonlar birlashishini va davlatimizga odil podshoh berishini so'raymiz, amin.