Ўзбекистондаги турк ширкатлари "нурчилик"да айбланмоқда

Image caption Чоршанба кунги рейдда "Turkuaz" савдо марказининг ходимлари дўппосланиб, моллари таланган

Ўзбек расмийлари мамлакатдаги қатор турк ширкатларини диний экстремизмни молиялашда айблашган.

Пайшанба куни давлат телевидениеси орқали намойиш этилган махсус кўрсатувда турк ширкатлари Ўзбекистон билан қардошлик алоқалари ва мамлакатдаги қулай сармоя муҳитини суистеъмол қилганликлари ҳамда солиқларни яширганликлари ҳам айтилади.

Давлат телевидениесига кўра, "Туркуаз", "Гунеш ва "Кайнак" сингари бир қатор турк ширкатлари Туркияда фаолияти тақиқланган "Нурчилар" диний оқими ғояларини тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатиш ва яширин жамоатлар тузиш билан шуғулланган.

Кўрсатувда мамлакатда 50 дан ортиқ турк ширкатлари ёпилиб, уларнинг 400 миллион сўм миқдоридаги мабағлари мусодара қилингани ҳамда раҳбарлари жавобгарликка тортилгани ҳам айтилган.

"Террор"

Ўзбекистон телевидениесидаги айбловлар ўзбек милицияси Тошкентдаги йирик "Туркуаз" савдо марказига рейд уюштирганидан бир кун ўтиб янграган.

Чоршанба кунги рейдда пойтахтнинг эски Бош Универсами жойлашган бино атрофи автобусларда олиб келинган кўп сонли милиция ходимлари томонидан ўраб олинган.

Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин манбаъ ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказган рейдни "террор" дея тасвирлади.

Унинг айтишича, қуролланган махсус милиция кучлари савдо маркази ичкарисига бостириб кирган ва барча ходимларни ерга ётқизиб қўйиб, дўконни талаган.

"Қуролли ходимлар "Туркуаз" бошлиғи Воҳид Гунешнинг хонасига ҳам шу йўсин бостириб киришган ва уни ерга ётқизиб, дўппослаганлар", дейди номи ошкор этилишини истамаган манбаъ.

Бир неча соат давомида бино ичкарисидан чиқармай, ушлаб турилган Гунешнинг аҳволи ёмонлашиши ортидан шифохонага олиб кетилган.

Элчихонага яқин манбаънинг айтишича, шу куннинг ўзида ишбилармондан хабар олиш учун борган Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси ва бошқа мулозимлар шифохонага қўйилмаган.

Савдо марказидаги моллар милиция томонидан машиналарга юклаб олиб кетилган, уларнинг қиймати номаълум.

Ўйин қурбонлари?

Туркия элчихонаси содир бўлган ҳодиса юзасидан шарҳ бермаётир.

Аммо номи ошкор этилишини истамаган элчихона ходимларидан бирининг айтишича, турк дипломатлари ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаракатидан ғазабга тушганлар.

"Бу каби рейдлар авваллари ҳам бўлган, аммо ҳеч қачон бунчалик қўпол бир шаклда бўлмаган эди", дейди элчихона ходими.

У турк ширкатларининг Ўзбекистонда яширин диний фаолиятни молиялаш билан шуғуллангани ҳақидаги даъволар текширилиши кераклигини айтди.

"Бу ширкатлар йиллар давомида Ўзбекистонда фаолият олиб борган, нима учун айбловлар энди чиқаяпти?" дея савол қўяди турк элчихонаси ходими.

Маълумотларга кўра, ўтган йил декабридан буён Ўзбекистондаги 7 та йирик турк ширкатлари ёпилган.

Турк бизнесига хуружлар 1990-йиллар ўрталарида ҳам кузатилган, ўшанда бунга ўзбек сиёсий мухолифати раҳбарларининг Туркияда паноҳ топгани сабаб бўлган, деб ишонилади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, ҳозирги хуружлар Ўзбекистондаги мулкни қайтадан бўлиш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Турк ширкатлари мамлакатдаги турли молия-саноат гуруҳлари ўртасидаги курашнинг қурбонлари бўлишмоқда, дейишади кузатувчилар.