Мўътабар Тожибоева "Жасорати учун" мукофотидан воз кечганини эълон қилди

Image caption Мўътабар Тожибоева 2009 йили АҚШнинг "Жасорати учуг мукофоти билан тақдирланган

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева 2009 йилда тақдирланган АҚШнинг "Жасорати учун" мукофотидан воз кечишини эълон қилди.

Бу қарорга Тожибоева хоним Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг бу йилги "Жасорати учун" мукофотига муносиб топилгани туфайли келганини эълон қилди.

"Мен 2009 йилда Ҳиллари Клинтон ва Мишел Обама хонимлардан "Жасоратли аёл" мукофотини олганимда, менга қўшилиб миллатдошларимнинг ҳам боши кўкка етганди. Бугун эса мана шу нуфузли мукофотнинг минглаб ўзбекларни хонавайрон қилган июн қирғини пайтида вақтинчалик ҳукуматни бошқарган Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевага берилиши ҳанузгача Қирғизистонда давом этаётган миллатчилик қурбонлари бўлаётган ўзбек халқига нисбатан ҳақоратдек янгради", дея эълон қилган Мўътабар Тожибоева.

"Таърифлашга тил ожиз бундай ваҳшийликларни бошидан ўтказиб, бугунгача ўзига кела олмаётган Қирғизистоннинг ўзбек миллатига мансуб фуқаролари ҳолидан ҳеч бўлмаса бир марта хабар олмаган, қўл остидаги зўравонлар олдида "ўзбек маҳалласи" номини тилга олишдан қўрққан бу аёл қайси жасорати учун бундай нуфузли мукофотга лойиқ топилди?", деган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева.

Тожибоева хоним ушбу қарорга келиш оғир бўлганини айтди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди