'Бирор бир дақиқам йўқки, мен Ўзбекистон ҳақида фикр қилмаган бўлсам...'

(Тўлқин Қораев - ўзбекистонлик мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли. Қатор Ғарб оммавий-ахборот воситаларининг мухбири бўлиб ишлаган. Ўз фаолияти сабаб тазйиқларга учраши ортидан Ўзбекистонни тарк этган ва ҳозир Швециядан бошпана топган.)

Image caption Тўлқин Қораев: 'Бирор бир дақиқам йўқки, мен Ўзбекистон ҳақида фикр қилмаган бўлсам...'

Би-би-си: Ўзбекистонлик бир журналист сифатида чет бир мамлакатда, яъни Швецияда фаолиятингизни давом эттиришга муваффақ бўлаяпсизми? Бунинг қанчалик имконияти бор ёки ҳозирчалик қаламингизни бир четга қўйиб туришингизга тўғри келаяптими?

Тўлқин Қораев: Менинг асл касбим - қурувчилик. Гарчи олий маълумотли, деган дипломни ололмаган бўлсам-да, Қурилиш факультетининг сўнгги курсигача ўқигандим. Аммо ҳаётнинг баъзи ташвишлари сабаб, таҳсилимни якунлай олмаганман. Бироқ анча йил Қарши шаҳрида қурилишларни лойиҳалаш ташкилотларида ишлаганман. Энг сўнгги ишимда конструктор эдим. 1998 йилдан журналистик фаолиятим бошлангани худди кечагидек ёдимда. "Озодлик" радиосида бошлаган фаолиятим Қашқадарё вилоят архитектураси бошқармаси бошлиғини ташвишга солган ва оқибатда мен ишдан қувилгандим. Узоқ муддат турли ахборот воситалари учун мақолалар ёздим, радиоларда Ўзбекистонда бўй кўрсатаётган муаммолар ҳақида чиқишлар қилдим. Мен шунинг учун ҳам журналист деган мақомга интилгандим ва унга эришгандим ҳам. Бугун эса, Швед заминида сиёсий қочоқ мақоми билан яшамоқдаман. Бу ерда ҳам фаолият кўрсатаётган бўлсам-да, аммо уни Ўзбекистондаги фаолиятим билан қиёслай олмайман. Сабаб шуки, ҳозирги пайтда мен Ватанда эмасман ва у ердаги аҳволга шахсан ўзим гувоҳ бўлолмаяпман. Халқимизда бир нақл бор: "Шоири дилдан куйламаган халқнинг шўри бор," дейилади унда. Гарчи мен шоир бўлмасам-да, Ватан ташқарисида туриб, Ватан ичкарисидан етарлича маълумотлар олиш имконим бўлмаганлиги боисидан ва халқимизнинг кечинмаларига шахсан шерик бўла олмай, унинг дардини дилдан куйлаш имкониятидан маҳрумман. Шу сабабдан ҳам, фаолиятимда анчайин ортга чекинишни кузатаман. Боз устига, янги Ватанда ҳам янги ҳаётга кўникиш, тил ўрганиш, иш топиш каби ташвишлар бор ва улар ҳам менинг илгариги фаолиятимни муваффақиятли давом этдиришимга тўсқинлик қилмоқда. Аммо, сиз айтмоқчи, қаламимни бир четга қўйиб туриш хаёлимга ҳам келгани йўқ. Пассивлашдим, холос.

Би-би-си: Ўзбекистонлик бир журналист сифатида муҳожират ҳаёти, хорижий бир мамлакат сизга нима берди? Қандай сабоқ ёки мактаб вазифасини ўтади ва ўтамоқда?

Тўлқин Қораев: Мен Ўзбекистонда эканим чоғимда Ватанимни диктатурадан озод кўриш учун кураш олиб борган эдим. Ҳар неки, хизматларим оз бўлса-да, барибир бу - кураш эди. Мен бу ерда демократияни топдим. Афсуски, Ватанда эмас, хорижда, ўзим қочқин мақоми билан келган Швецияда топдим. Ҳар неки, бу менинг истагим ҳам, мақсадим ҳам эмасди. Албатта, муҳожирлик ҳаётини билиш учун муҳожир бўлиб кўриш керак. Мен ҳавас қилишга арзийди, деб айта олмайман. Гарчи бу ерда тенгликни, адолатни, сўз эркинлигини кузатаётган бўлсам-да, бу бахт меники эмас. Бу ўзгалар эришган, қурган бахт ва мен унга шерик бўлиб тургандекман.

Бу ерда аввало инсонга инсоний муносабатни кузатаман. Унинг миллати, дини, ижтимоий аҳволи қандай бўлишида қатьиназар, у - инсон ва инсон бўлгани учун ҳам ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олади. Швецияда Ўзбекистондаги каби порахўрликни, кишиларни таҳқирлаш ҳолларини кўрмайсиз. "Ҳамма нарса инсон учун, ҳамма нарса инсоннинг бахти, саодати учун," дейдиган шиор бўлмаса-да, аммо амалда айни шундай. Хорижий бир мамлакат менга бу ердаги эркимни берди. Аммо шундай бўлса-да, бирор бир дақиқам йўқки, мен Ўзбекистон ҳақида фикр қилмаган бўлсам. Вужудим Швецияда бўлгани билан, руҳим ҳали ҳам Ватанда.

Хорижда демократик жамият қандай фаолият кўрсатиши лозимлигини муҳожирликда юрган ҳар бир ўзбек ва ҳар бир ўзбекистонлик ўрганиб бормоқда, десам муболаға бўлмас. Швециядаги айрим ўзбекистонликлар бу ердаги сиёсий партияларга аъзо бўлиб ҳам киришган. Масалан, мен либераллар партиясига аъзоман. Сиёсий партия ҳар бир аъзосининг фикрини ёки таклифини ортга ташламай ўрганиши партиянинг келажакдаги фаолияти учун муҳим бўлишини, яна партиялар ўз ғоя ва таклифларини аҳолига сингдириши эмас, балки аҳолининг ижтимоий талабидан келиб чиқиб, ўз сиёсатини белгилаши лозимлигини шу ерда кўрдим. Ўқиш ва билим орттиришнинг қанчалик муҳим эканлигини ва одамларни билим эгаллашга мажбур қиладиган воситалар ҳам бўлишини шу ерда ўргандим. Лекин бунақа тажрибаларни бугунги Ўзбекистонда қўллаб бўлмайди. Бунинг учун бизда на эрк бор ва на ҳақиқий билимга интилиш бор. Ҳукумат коррупциялашган жиноятчи гуруҳларнинг эмас, мамлакат келажаги бўлган ёш авлоднинг билим олишига барча имкониятларни яратиб бериши зарур. Тўлиқ ишонч билан шуни айта оламанки, Марказий Осиёдаги бирор бир давлат бу ишларни тўлиғича амалга оширишга қодир эмас, қодир бўлганда ҳам, бунга мойил эмас. Уларнинг бирламчи ташвишлари доимо ўз нафсларини қондириш бўлиб келган.

Би-би-си: Швециядаги оммавий-ахборот воситаларининг фаолиятини қандай баҳолайсиз? Журналист сифатида сизга ёққан ва ёқмаган томонлари нима бўлди?

Тўлқин Қораев: Швед оммавий-ахборот воситалари эркин фаолият олиб борадиган, барча учун очиқ минбардир. Бу ерда уларнинг фаолиятларини бошқариб, назорат қилиб турадиган турли-туман қонунлар йўқ. Швецияда мамлакатнинг тўрт асосий қонуни мавжуд. Ва бу қонунлардан иккитаси сўз ва фикр эркинлигини, ҳамда ахборот тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди. Матбуот ва бошқа турдаги оммавий-ахборот воситалари учун бошқа қонунлар мавжуд эмас. Лекин бу ерда цензуранинг бир тури кузатилади, у ҳам одамларнинг шахсий ҳаётларига дахл қилишнинг олдини олиш ва бировларни ҳақорат қилишга қарши қаратилган. Яъни судда жавобгар бўлиб қолмаслик учун. Швед ахборот воситаларида сиёсий чиқишлар кам кузатилади. Бошқа мамлакатлардаги сиёсий вазият камдан-кам ҳолларда таҳлил қилинади. Балки маҳаллий аҳолида бунга қизиқиш камлиги учундир. Менга ёқмайдиган томони эса, рекламага кўп жой берилиши. Текинга келадиган реклама буклетларидан ташқари, газеталар ҳам рекламага тўлиб кетади. Телевидение учун бу ерда пул тўлаймиз, аммо телевизион каналлари ҳам рекламага тўла. Шундай бўлса-да, барибир журналистлар эркин ва уларни тарқатган ахборотлари учун биров таъқиб этмайди.

Би-би-си: Агар Ўзбекистондаги журналист Тўлқин Қораев билан муҳожиратдаги Тўлқин Қораевни таққосласак, улар орасидаги фарқни нимада кўрасиз?

Тўлқин Қораев: Ўзбекистондаги журналист Тўлқин Қораев билан бугун сиёсий бошпана олиб, Швецияда яшаётган Тўлқин Қораев орасида фарқ албатта мавжуд. Айниқса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари муаммолари билан муттасил шуғулланиб борган бўлсам, бугунги кунда бу масала билан қаттиқ шуғуллана олмайман. Сабаби юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, оддий - Ватандаги воқеликлардан узоқдалигим ва ўз вақтида максимал даражада маълумотлар тўплаш имконининг йўқлиги. Швецияга келган дастлабки йилларимда, ҳаттоки, тил ўрганишни ҳам истамасдим. Ортга, Ўзбекистонга қайтиб кетишимга қаттиқ ишонардим. Афсус, бу умид рўёбга ошмади. Натижада тил ўрганиш ва бу янги Ватанга мослашиш лозимлигини ҳис этдим. Айни шу сабаб билан ҳам ҳозир касбга йўналтириш курсларининг бирида ўқийман. Бу ерга келиб яна менда аниқ фанларга қизиқиш уйғонди. Ҳозир шу йўналишда ҳам билимимни оширишга интилаяпман. Албатта, бу мақолалар ёзишни тўхтатиб қўйганман, деганим эмас. Оз бўлса-да Ўзбекистондаги вазият, айниқса, мени доимо ташвишга солиб келаётган муаммо бўлган инсон ҳуқуқлари мавзусида баъзи нарсалар ёзаман. Лекин барибир бу кам. Ўзбекистон учун ҳамма ўзбеклар бирлашибгина, катта ишларни бошлашлари ва ўз мақсадларига етиша олишлари мумкин. Хориждаги ҳаётим давомида эса, ўзбеклар ва ўзбекистонликлар орасида бирлашишни эмас, балки ажралишни кузатаяпман. Бу эса, Ватанимизнинг озод бир мамлакатга айланиши, унинг тараққиётини ортга сурадиган иллат деб қарайман.

Би-би-си: Бундан кейинги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?

Тўлқин Қораев: Ўзбекистонга қайтиш ниятим албатта бор. Шу сабабдан ҳам, мана, беш йилдирки, швед фуқаролигини олганим йўқ. Ваҳоланки, сиёсий сабаблар билан бу ерга келганлар уч йилдан сўнг фуқаролик олиш учун мурожаат қилишга ҳақли саналишади. Ижод масаласига келсак, мен журналистни ижодкор, деб билмайман. У ижод қилмайди, балки вазиятни ёритади. Муаммоларни кўрсатади. Маълум бир ҳудудда ижтимоий онгни яратади. Керак бўлса, мамлакатлар сиёсатини бошқа ўзанга солиб юбориш ҳам журналистларнинг қўлларидан келади. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонни йигирма йилдан буён бошқариб келаётган президент Ислом Каримов эркин фикрловчи журналистларни хушламайди. Қамоқларда чиритади. Шундай ҳолатда ҳам бугун кимлардир жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам, асл ҳақиқатни айтиб чиқмоқда. Шу ўринда мен "Ёшлар" телеканали журналистлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларни эслаб ўтиб, уларни шу давримизнинг қаҳрамонлари эканликларини ҳам урғулаб ўтмоқчиман. Улар ёлғончилар салтанатида яшаётган ростгўйлардир бугун. Мен журналистик фаолиятимни аввалги кўламда бўлмаса-да, бу ердан туриб ҳам албатта давом эттириш ниятидаман.