Ўзбекистонлик ногирон дунё бўйлаб саёҳатни режаламоқда

Ўзбекистонлик ногирон Ҳасанбой Бурҳонов шу йил май ойидан бошлаб дунё бўйлаб саёҳатга чиқишни режаламоқда.

Унинг "Тенг имкониятлар учун" шиори остида амалга оширмоқчи бўлаётган марафонидан мақсад - ногиронлар муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг диққатини қаратиш, ҳамда чекланган жисмоний қобилиятга эга инсонлар ҳам тўсиқларни оша билишини ўз мисолида намойиш этиш.

"Мен шахсан ўзим, Ўзбекистон фуқароси сифатида, дунё бўйлаб саёҳат ташкиллаштираяпман. Битта ўзим енгил автомобилда дунёни беш ой мобайнида айланиб чиқмоқчиман", - дейди Ҳасанбой Бурҳонов Би-Би-Си билан суҳбатда.

Болалигида полиомиелит билан оғриб узоқ йиллар тиббий муолажа олган 41 ёшли жаноб Бурҳонов жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистон билан таништиришни, ҳамда ўзга мамлакатларда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тажрибасини ўрганишни ҳам исташини айтади.

У ўз марафонини Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишламоқчи.

Ҳасанбой Бурҳонов саёҳатни Ўзбекистон - Қозоғистон - Россия - Япония - АҚШ - Оврўпо Иттифоқи - Россия - Қозоғистон - Ўзбекистон йўналиши бўйича амалга оширишни режаламоқда.

У ҳар бир мамлакатда марафоннинг мақсади ва ривожи ҳақида матбуот анжуманлари ўтказилиши мўлжалланганини билдирди.

Ҳасанбой Бурҳонов айни дамда лойиҳа учун қўшимча маблағ жамлаш қийин бўлаётгани ва ҳомий ширкатлару оддий фуқароларнинг молиявий ёрдамига умид қилаётганини айтади.

Марафон лойиҳаси бўйича интернетда махсус www.marafon.uz номли саҳифа очилган.

Жаноб Бурҳонов айнан мана шу саҳифада чоп қилинган банк рақамлари орқали унга молиявий кўмак етказилишидан умидвор.