Ҳукумат Тошкентдаги Turkuaz савдо маркази ёпилишини изоҳлади

Тошкентдаги йирик Turkuaz савдо марказининг шу ой бошида ёпилишига Ўзбекистон расмийлари илк бора изоҳ беришган.

Ўзбек ҳукуматининг Press-uz.info интернет саҳифасидаги мақолага биноан, савдо марказининг ёпилишига Ўзбекистон қонунларининг кўп маротаба бузилиши сабаб бўлган.

Мақолада айтилишича, марказ ва унинг ёнида жойлашган "Чорсу-савдо" омборхонасида ўтказилган текширувлар ортидан дўкон маъмурияти мунтазам равишда ўзбек қонунларини менсимай келгани аниқланди.

Солиқ қўмитаси ва контрабандага қарши кураш бўлимлари иштирокида ўтказилган рейд Turkuaz ширкатининг бош директори, Туркия фуқароси Мустафа Унер, ҳамда савдо марказининг раҳбари Гунаш Вохит узоқ вақт давомида ўзбек чегараларидан сохта ҳужжатлар асосида маҳсулотларни олиб ўтгани айтилади.

Мақолада гўёки ноқонуний олиб келинган маҳсулотлар сотилган бир қатор дўконларнинг ҳам номи келтирилади.

Унда айтилишича, савдо марказининг учинчи қаватидаги омбор солиқ идораларидан яширинча олиб келинган маҳсулотларга тўла бўлиб чиққан.

Turkuaz-га қарашли бинонинг биринчи қаватида Ўзбекистонга хориждан келтирилган ва маҳаллий озиқ-овқат, кийим-кечак ва электрон моллари билан савдо қилувчи ўнлаб савдо дўконлар, юқори қаватларида эса трикотаж ва кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлашган.

Савдо дўконларида 40 мингдан зиёд маҳсулот сотилиши айтилади.

Рейд

Turkuaz Совет даврида "Бош Универсал Магазин", халқ орасида "ГУМ" номи билан машҳур эди ва шаҳарнинг энг йирик биносида фаолият олиб бораётганди.

Гувоҳларнинг маълум қилишларича, 2 март куни эски ва янги шаҳар чорраҳасида жойлашган ушбу тўрт қаватли дўкон атрофи аввалига бир неча автобусда келган махсус милиция кучлари томонидан ўраб олинган.

Савдо-сотиқ тўхтатилиб, дўкон ичкарисида ишлаётган юзлаб ходимлар кун давомида ушлаб турилган.

"Соат кечки еттиларга бориб, аввалига дўконнинг аёл ходимларни қўйиб юборишди, соат тунги тўққиздан кейин эркак ходимлар бинони тарк этишди", - дейди бино рўпарасида жойлашган "Чорсу" бозорида савдо қилувчи тадбиркорлардан бири.

Унинг айтишича, Turkuaz ходимларига "бундан буён ишга чиқмаслик" буйруғи берилган.

3 Март куни эрталаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тошкент бозорларида мардикорлик қилувчи 300 га яқин одамни келтириб, "бинодаги юкларни олиб кетишган".

Иш таъминоти

1992-йилда Истанбулда асос солинган Turkuaz ширкатининг асосий фаолияти Марказий Осиёда давлатларига Туркия дохил дунёнинг етакчи озиқ-овқат ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ширкатлари маҳсулотларини етказиб беришга қаратилган.

Тошкент марказида жойлашган яна бир неча йирик савдо дўконлари Turkuaz ширкатига қарашлидир.

Turkuaz Ўзбекистонда 500 дан ортиқ маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлашини айтади.