Тошкентда Навоий ярмаркасини янги жойга кўчиришга буйруқ берилган.

Image caption Навоий савдо расталарининг кўчирилиши ҳақида бир неча йилдан бери гапириб келинарди

Тошкентдаги энг йирик электроника ва маиший электрон моллар сотиладиган Навоий ярмаркасини уч кун ичида янги жойга кўчиришга буйруқ берилган. Ўзбекистонлик мустақил журналистнинг хабар қилишича, якшанбадан бошлаб Навоий кўчасидаги савдо дўконлари ёппасига ёпила бошлаган.

Айрим дўконлар очиқ бўлса ҳам, уларда савдо йўқ. Дўкон эгалари ўз молларини йиғиштириш билан овора.

Нарх наво эса, баъзилар кутганидек, арзонлаш ўрнига кўтарилиб кетган. Навоий ярмаркасидаги электрон моллар бозорининг кўчирилиши ҳақидаги гап-сўзлар яқин икки-уч йилдан буён халқ орасида юрар, лекин кўпчилик марказдаги бундай улкан бозорни кўчиришга маъмурларнинг ҳадди сиғмайди, бу ерда кучли танишга эга савдогарлар бор, деб ўйларди. Янги электрон моллар бозори сифатида эса Тошкент кичик ҳалқа йўли бўйида жойлашган, собиқ Малика фабрикасининг беш қаватли биноси ажратилганди.

Бу ерда уч тўрт йилдан буён таъмирлаш ишилари давом этарди. Ўтган йилдан бошлаб эса собиқ фабрика ҳовлисида автомобилларнинг вақтинчалик турар жойи ҳам қуриб битказилганди. Ҳозирда янги савдо марказининг кичик ҳалқа йўлига юзланган томонидаги биринчи қаватда бир қанча дўконлар, жумладан, гилам, қимматбаҳо люстралар ва баъзи электрон моллари сотиладиган дўконлар бор ва улар икки йилдан буён ишлаб келмоқда. Беш қаватли бинонинг қолган тўрт қавати эса улкан плакатлар билан қопланган ва тошкентликлар шу пайтгача бу плакатлар ортидаги таъмирлаш ишлари якунланганми йўқми, хабардор эмасдилар. Афтидан эндиликда бу бино ишга тайёр. Қолаверса, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими ишдан олингандан кейин бир неча йиллардан буён чўзиб келинаётган бу режа тезда амалга оша қолган. Навоий кўчасидаги дўкондорнинг айтишича, уларга уч кун ичида ярмаркани бўшатиш буюрилган. Айрим тошкентлик кузатувчиларнинг айтишича, Жанубий корея фирмаси билан Навоий ва Ўзбекистон кўчалари оралиғида янги замонавий турар жой маркази қуриш учун келишувга эришилганидан кейин савдо ярмаркасининг бу ерда бошқа қола олмаслиги узоқни кўра биладиганлар учун тайин эди.