Севара Назархон Лондонда ўз концертини ўтказишни мўлжалламоқда

Буюк Британияда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Наврўз муносабати билан ўз концертини ўтказишни режаламоқда.

Концерт 19 март куни Лондоннинг марказидаги нуфузли Молтон Хаус клубида бўлиб ўтиши мўлжалланган.

Севара Назархон Буюк Британияда ўз қўшиқларини илк марта ижро этаётгани йўқ.

У ўзининг "Йўл бўлсин" дебют альбоми билан 2004 йилда Би-би-сининг нуфузли Жаҳон Мусиқаси мукофотига сазовор бўлган.

Севара франциялик мусиқа продьюсери Хектор Зазу, ҳамда британиялик машҳур қўшиқчи Питр Гэбриел билан ҳамкорлиги ортидан бутун жаҳонда мухлислар орттирди.

Мусиқашуносларнинг айтишича, Севара поп услубидаги ўзбек ва рус қўшиқларини нақадар маҳорат билан ижро этса, Марказий Осиёнинг фольклор қўшиқларини ҳам шунча маҳорат билан куйлайди.

Британия матбуоти уни дутор билан мунгли қўшиқларни ижро эта туриб, тўсатдан рок оҳанглари билан тингловчиларни жазавага келтирадиган "сенсация" дея тасвирлашган.

Севара Назархоннинг Наврўз тадбири борасида тўла матбуотни Facebook интернет сайтида очилган Sevara Nazarkhan саҳифаси орқали олишингиз мумкин.