Азимжон Асқаров халқаро мукофотга номзодлар орасида

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Азимжон Асқаров 10 июнда бошланган қирғиз жанубидаги зўравонликларни, ҳамда ўзбек маҳаллаларига уюштирилган босқинчилик ҳаракатларини видео, аудио ва фотосуратлар билан ҳужжатлаштирган.

Қирғизистонлик асли ўзбек инсон ҳақлари фаоли Азимжон Асқаров нуфузли Мартин Энналс мукофотига номзодлардан бири деб топилган.

Мартин Энналс мукофоти ўнта халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамкорлигида тайинланадиган бўлиб, унинг ҳакамлар ҳайъатидан Халқаро Амнести, Хюман Райтс Вотч, Қийноқларга Қарши Жаҳон Ташкилоти, Фронт Лайн каби номи чиққан ташкилотлар аъзолари ўрин олган.

2011 йил мукофотига номзоди сурилган бешта фаол Қирғизистон, Уганда, Бурунди, Никарагуа ва Мексикадан.

Этник зўравонликлар

Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликларни ёритишга уринган жалолободлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ўтган йил сентябрида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Жалолобод вилоятининг Ноокен тумани Масы қишлоғида 15 сентябрь куни ўтган маҳкамада ҳакам уни бир умрга қамаш ва мол-мулкини мусодара қилишга қарор қилган.

60 ёшли Азимжон Асқаров ўтган йил 16 июнида оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумон қилиниб, Бозорқўрғон ИИБсига олиб кетилганди.

17 июнда эса унга қарши оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, ҳамда ҳукумат расмийларига бўйсунмасликка чақириш ва зўравонлик қўллаш орқали миллатлараро адоватни келтириб чиқариш каби илк айбловлар қўйилганди.

Жаноб Асқаров ўзининг одам ўлдирган кишилар орасида бўлмагани, ва Қирғизистон жанубидаги тартибсизликлар чоғида ҳеч қандай ноқонуний фаолият билан шуғулланмаганини айтиб, айбловларни рад этган.

Шу кунларда бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан Халқаро Амнести ва Хюман Райтс Вотч, ҳамда АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси Азимжон Асқаровга қарши одилона маҳкама ўтказилиши сўраб қирғиз ҳукуматига мурожаат қилишган.

Тергов ва маҳкама ишини кузатган фаолларга биноан, Азимжон Асқаровга ҳимоячиси билан кўришиш учун имкониятлар берилмаган, қораловчилар айбловларни далиллар билан исботлаб бера олишмаган, ва у бир неча бор қийноққа тутилган ва дўппосланган.

Унинг ҳимоячиси этник зўравонликларда ўлдирилган қирғиз милиционерининг оиласи томонидан босим остига олинган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва жаноб Асқаровнинг дўстларига кўра, унга берилган жазо қирғиз ҳуқуқ-тартибот органларининг қасддан қилаётган амалидир.

Азимжон Асқаров 10 июнда бошланган қирғиз жанубидаги зўравонликларни, ҳамда ўзбек маҳаллаларига уюштирилган босқинчилик ҳаракатларини видео, аудио ва фотосуратлар билан ҳужжатлаштирган.

Унинг баъзи видео материаллари интернетда чоп қилинган, аммо аксар материаллари тергов томонидан тортиб олинган.