Кобулда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари қўлга олинди

Афғонистон пойтахти Кобулда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорлиги айтилаётган икки украиналик яна икки нафар афғон шериги билан бирга хавфсизлик кучлари тарафидан қўлга олинган.

Улар Ҳайратон бандаргоҳи орқали Афғонистонга ўтишган ва Покистоннинг Мироншоҳ минтақасига бориш ҳаракатида бўлганлари айтилади.

Миллий Хавфсизлик Хизмати воизи Лутфулло Машъал қўлга олинганларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадор эканлигини тасдиқлади.

"Тўртовлон Ўзбекистон Исломий Ҳаракати одамларидандир", деб айтди Лутфулло Машъал.

Айни пайтда Машъал жаноблари Пактико вилоятида Эрондан Афғонистонга ўтган ва шу ер орқали Шимолий Вазиристонга кетмоқчи бўлган бир қирғизистонлик ҳам тутиб олинганини маълум қилди.

Миллий Хавфсизлик Хизматига кўра, ушбу қирғизистонлик шахс Хост вилояти орқали Шимолий Вазиристонга бориб, исёнчилик фаолиятини бошламоқчи бўлган.

Миллий Хавфсизлик Хизмати воизининг айтишича, олдин ҳам мамлакат шимолий ҳудудларида, айниқса, Қундуз ва Бағлон вилоятларида фаолият қилаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига тегишли гуруҳлар хорижий афғон кучларининг қўшма ҳарбий амалиётлари натижасида қўлга олинган.

Афғонистон мулозимлари мамлакат айрим ҳудудлари, хусусан, шимолда исёнкорлик ҳаракатлари олди олинганини даъво қиладилар. Аммо, ўтган бир ой асносида шимолий вилоятлар, айниқса, Қундуз толибларнинг исёнкорлик амалиётлари ва худкуш ҳужумларига саҳна бўлган.