Москвада Ўзбекистон фуқаросини ўлдирган тақирбошлар гуруҳи қўлга туширилди

Image caption Тақирбошларнинг ҳужумларидан Марказий Осиё ва Қофқоз фуқаролари жабр чекишгани айтилади

Шу кунларда Москвада оғир ва ўта оғир жиноят содир этган бир гуруҳ тақирбошлар гуруҳи қўлга олинган.

Россия тергов қўмитаси хабари бўйича, нео-фашистлар гуруҳи славян қиёфасига мос бўлмаганларга ҳужум уюштириш қатори, интернетда ва ёшлар орасида фашизм ғояларини тарғиб этишган.

Расмийларга кўра, камида 6 нафар Марказий Осиё ва Қофқоз фуқаролари рус тақирбошлари ҳужумидан жабр чекишган.

Россия тергов қўмитаси махсус вакили Владимир Маркиннинг айтишича, миллатчилар гуруҳи 2010 йилнинг апрелидан то июл ойига қадар Москванинг Марьина Роща туманида бир инсонни пичоқлаб ўлдирган ва яна беш нафар хорижий фуқарога тан жароҳати етказган.

Ҳозирда гуруҳнинг беш аъзосидан уч нафари ҳибсга олинган. Гуруҳ аъзолари 16 дан то 27 ёшгача бўлган Москва ва Москва вилояти ёшларидан иборат.

Расмийларга кўра, нео-фашистлар гуруҳи ўтган йилнинг бошланишида 20 яшар Денис Кузнецов томонидан ташкил қилинган.

Денис Кузнецов бошчилигидаги гуруҳнинг мақсади, полиция ходимларининг айтишларича, славян қиёфасига мос бўлмаганларни калтаклаш ва уларни ўлдиришдан иборат бўлган.

Миллатчилар ўз ҳужумларини асосан видеокамера ўрнатилмаган жойларда ва ниқоб таққан ҳолда амалга оширишгани айтилади.

Полиция маълумоти бўйича, ушбу гуруҳ ўтган йилнинг 5 майида Москва темир йўлининг "Станколит" платформасида бир ўзбекистонликни пичоқлаб ўлдирган ва яна икки ўзбек муҳожирини оғир жароҳатлаган.

Миллатчи гуруҳ дастидан, шунингдек, Озарбайжон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам оғир тан жароҳати олгани айтилади.

Айни вақтда Россия раҳбариятининг "миллатчиликка қарши кескин чора кўрилади," деган баёнотларига қарамасдан, мамлакатда ирқчилик жиноятлари шиддати пасаймаган.

Экспертлар фикрларича, ўтган йил декабр ойида Москванинг "Манеж" майдонида кечган тартибсизликлар ҳамда жорий йил январ ойидаги "Домодедово" аэропортидаги портлашдан сўнг ирқчилик кайфиятлари янада кучайган.

"Манеж" майдонидаги тартибсизликлар чоғида ўшлик бир Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлганди.

Орадан икки кун ўтиб, Москва жануби-ғарбида бир ўзбекистонлик ўлдирилгани айтилганди.

Москвадаги "Сова" тадқиқот марказига кўра, 2010 йилда рус миллатчилари дастидан 37 инсон ҳалок бўлган ва 400 га яқин киши жароҳатланган.