Тошкентда коммунал хизматлар нархи яна ошмоқда

Image caption Тошкентда деярли ҳар олти ойда коммунал хизматлар учун тўловлар ошиб бормоқда

Тошкентда 1 апрелдан марказий иситиш тизими, ҳамда иссиқ ва совуқ сув таъминоти учун янги тарифлар киритилади.

Ўзбекистонда чоп этилувчи газета.ру интернет саҳифаси хабар беришича, Таштеплоэнерго" ва "Сувсоз" ширкатлари янги тўловлар ҳақида эълон қилишган.

Иссиқ сув учун тўловларнинг деярли 10 фоизга, совуқ сув учун эса 15 фоизга ошиши энергия ва бошқа заҳиралар учун нарх-наволарнинг ошгани билан изоҳланмоқда.

Марказий иситиш тизими учун тўлов бир ойига ҳозирги 397,03 сўмдан 436,27 сўмга ошади.

Иссиқ сув таъминотига тўловлар киши боши учун, агар счетчик бўлмаса, 5460 сўм, счетчик билан эса 1398,04 сўмга кўтарилади.

Иссиқ сув ва марказий иситиш тизими учун тўловлар ўтган йил 1 октябрида оширилганди.

Жорий йил 1 февралидан эса счетчиги бўлмаган аҳоли учун иссиқ сув тўловлари 20 фоизга оширилган.

1 апрелдан совуқ сув ва канализация учун ҳам тўловлар нархи ошмоқда. Охирги марта улар ўтган йил февралида кўтарилганди.