Ўзбекистон аҳолисининг сони ва аҳволини ўрганишга киришмоқчи

Image caption Ўзбекистон ўз халқининг сони билан баробарида аҳволини ҳам ўрганмоқчи

Ўзбекистон ўз аҳолисининг сони ва аҳволини ўрганиш учун нисбий статистик тадқиқотларни бошламоқчи.

Ўзбекистонда чоп этилувчи Gazeta.uz интернет саҳифасининг хабар беришича, аҳолини нисбий рўйхатга олиш ишлари 21 мартдан 30 апрелгача бўлиб ўтади.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бу хусусдаги қарори 14 март куни президент Ислом Каримов томонидан имзоланган.

Бундан асосий мақсад - Ўзбекистоннинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришни кўзда тутувчи алоҳида дастурларни ишлаб чиқиш ва янги иш ўринларини яратиш учун аҳолининг аниқ сони ва бошқа демографик кўрсаткичларни аниқлаш экани айтилмоқда.

Экспертларга кўра ҳам бу каби амалиёт аҳолини тўлиқ рўйхатга олишдан кўра кўпроқ мамлакатдаги иқтисодий шароит ва халқнинг турмуш тарзини ўрганиш учун олиб борилади.

Улар Ўзбекистондаги ҳақиқий иқтисодий, сиёсий аҳволни билиш ва шунга қараб, ислоҳотлар йўналишини аниқлаш учун учун бу каби тадқиқотлар ниҳоятда муҳим эканини урғулашади.

"Агар фуқароларнинг даромадлари оз бўлиб, аҳволлари ёмон бўлса ёки пуллари озлигидан ўз тижоратларини юрита олмаётган бўлишса, бундан уларнинг олиб бораётган ислоҳотларга қанчалик ишонишларини билиб олиш мумкин бўлади," дейди ўз вақтида ўзбекистонлик мустақил эксперт Алишер Таксанов.

Ўзбекистонлик эксперт, ўз ўрнида, ушбу саъй-ҳаракатларга бугун Араб дунёсида кечаётган воқеаларнинг таъсири бўлиши мумкинлигини инкор этмайди.

"Улар Ливия ва Тунис каби нисбатан фаровон, Ўзбекистон билан солиштирганда, аҳолининг турмуш тарзи анча фаровон бўлган давлатларда ҳам халқнинг норозилиги бўй кўрсатиши мумкинлигига гувоҳ бўлишди. Шунинг учун ҳам, ҳукумат Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволдан тўлиғича хабардор эмаслигига оид фикрга келиб, бу каби тадқиқотга қўл ураётган бўлиши мумкин," дейди у.

Расман билдирилишича, нисбий статистик тадқиқотлар аҳолининг 10 фоизини қамраб олган ҳолда Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларида олиб борилади.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси томонидан танланган тадқиқотга тушажак аҳоли пунктлари ва маҳаллаларнинг якуний рўйхати эса, 25 мартгача тасдиқланади.

Фуқаролигидан қатъиназар, ўша ҳудудларда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлганлар билан бирга, вақтинчалик муҳожиратда бўлганлар ҳам рўйхатга олинади.

Мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият ва сиёсий таъқиблар сабаб, ўтган 20 йил давомида миллионлаб ўзбекистонликларнинг муҳожиратга юз тутганликлари айтилади.

Ҳар бир оила аъзоси томонидан тўлдирилиши шарт бўлган рус ва ўзбек тилларидаги анкета 12 саволдан ташкил топган.

Хабарларга кўра, рўйхатга олиш ишлари статистика идоралари ходимлари, олий ўқув юртлари, лицейлар, коллежлар ва мактабларнинг ўқитувчилари ҳам ўқувчилари томонидан олиб борилади. Ва кунига 50 киши сўровга тутилади.

Аммо рўйхатга олиш жараёни ички ишлар ёки маҳаллий фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари вакиллари ҳозирлигида олиб борилади. Уларнинг ҳужжутлари эса, текширилмайди.

Нисбий статистик тадқиқот натижаларини 1 июл кунига тайёр қилиш режаланаётгани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур жараённи молиялаш учун ҳукуматнинг захира жамғармасидан 842.2 миллион сўм ажратилган.

2010 йилги рақамларда Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 28.233 минг кишини ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистонда аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш ишлари эса, сўнгги бор ҳали Шўролар даврида, 1989 йилда олиб борилган.

Орада кечган 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида бу ишга қўл урилмагани сабабини айрим кузатувчилар бунинг учун катта маблағ лозим бўлиши билан ҳам изоҳлашади.

Аммо тўлақонли рўйхатга олиш жараёни Ўзбекистон ҳукуматининг аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид расмий маълумотларини савол остига қўйиши мумкинлигини айтаётган кузатувчилар ҳам йўқ эмас.