OXUS GOLD Ўзбекистон ҳукуматини маҳкамага бермоқчи

Image caption Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рўйхатида биринчи ўнликка киради

Британиянинг олтин қазиб чиқарувчи OXUS GOLD ширкати Ўзбекистондаги мол-мулкини савдога қўймоқчи бўлаётган расмий Тошкентни маҳкамага бериши мумкинлигини айтган.

Ўз баёнотида ширкат "форс мажор" ҳолатини эълон қилишдан бошқа чораси қолмагани, яъни ўз назоратидан ташқарида бўлган кучлар амали туфайли ўз мажбуриятларини бажара олмай қолганини билдирган.

OXUS Ўзбекистонда мушкулотларга юз тутаётган илк хорижий ташкилот эмас ва бу можаро Ўзбекистоннинг хорижий сармоядорларни жалб қилиш имкониятлари борасида саволларни юзага чиқаради.

OXUS GOLD Ўзбекистонда ўн йилдирки ишлаб келади. У 2004 йилдан бери Amantaytau Goldfields ёки AGF қўшма корхонасининг бир қисми сифатида Омонтойтоу ҳудудида олтин ва кумуш қазиб чиқариш билан шуғулланади.

Энди эса OXUS ва расмийлар орасида бу британ ширкатининг AGF қўшма корхонасидаги ҳиссаларини сотиш бўйича зиддиятлар юзага келар экан, Омонтойтоудаги йирик конларда иш тўхтаб қолган.

Ўтган бир неча йилдирки совет давридан қолган кон мажмуасидаги юзаки депозитлар қазиб чиқарилар экан, OXUS ва унинг ўзбек шериклари муносабатларидан ҳамма тарафлар мамнундек намоён бўлди.

Бироқ, ҳар бир коннинг узоқ муддатли келажаги ундаги қазиш ишларининг чуқурлашишига боғлиқ.

Ўтган йил охирида Омонтойтоуни чуқурроқ қазиш хусусидаги Хитой концорциуми билан келишилган молиявий шартнома барбод бўлди.

Бунинг ортидан уюштирилган OXUS ва ўзбек ҳиссадорлари мажлиси келгуси қадамлар энди қандай бўлиши кераклигини ҳал қилиши керак эди. Аммо, афтидан бу музокаралар боши берк кўчага кириб қолган ва ширкат ўз ҳиссаларини сотишга қарор қилган.

Бироқ, бу можаро фақат ҳиссалар нархи туфайли юзага келаётгани йўқ.

OXUS ўз ҳиссалари учун одилона нарх белгиланмаганини айтади. Ундан ташқари, ширкат Ўзбекистон Молия Вазирлиги тайинлаган аудит комиссияси холисона иш олиб бормагани ва аудит жараёнида қўшма корхонани буткул сотиш учун баҳона қидирганини даъво қилади.

OXUS ҳозирда халқаро ҳуқуқшунослар жамоаси билан сўзлашаётгани ва, агар ўзбек ҳиссадорлар адолат билан музокара қилишдан бош тортишса, халқаро маҳкамага мурожаат қилишини айтган.

Бундай маҳкама жараёни ойлаб, ё йиллаб давом этиши мумкин. Айни дамда эса, афтидан OXUS Ўзбекистонни буткул тарк этаётир.

OXUSнинг чиқиб кетиши билан йилига бир неча миллион доллар фойда келтирадиган ширкат ўз ҳиссадорларининг сармояларини ҳимоя қилишга уринаётган идорага айланиб қолиши турган гап.