Туркиянинг хушовоз хонандаси Иброҳим Тотлисас ҳушига келди

Бундан ўн кунча бурун номаълум шахсларнинг ҳужумига учраб, ўлим билан олишаётгани хабар берилган Туркиянинг энг хушовоз хонандаларидан Иброҳим Тотлисас ҳушига келган ва гапиришни бошлаган.

Ҳужум ортидан таниқли хонанда ўта оғир аҳволда келтирилган ва зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилган Маслак Ажибадем касалхонаси бош шифокорига кўра, унинг аҳволи муътадиллашиб бормоқда.

Танасининг чап қисми фалажланиб қолган бўлса ҳам, ҳалиям касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётган Иброҳим Тотлисаснинг мусиқа тинглай бошлагани ҳам айтилади.

Шифокорларга кўра, жорий пайтда Иброҳим Тотлисас психотерапия курсларидан ҳам ўтмоқда.

Хушовоз хонанданинг яқинларига кўра, соғайиб кетган тақдирда ҳам, Иброҳим Тотлисас ортиқ катта саҳнага қайтмайди.

Иброҳим Тотлисас 14 мартга ўтар кечаси ўзининг машҳур "Ибо" шоуси ёзиладиган телестудия олдида номаълум шахслар томонидан отиб кетилганди.

Юз берган ҳодиса ортидан, юлдуз хонанданинг камида икки номаълум қуролли шахснинг ҳужумига учрагани, "Калашников" русумидаги автоматдан 11 маротаба ўқ егани хабар берилганди.

Ўқлардан баъзилари унинг боши ва юзига теккани ҳам айтилганди.

Суиқасдчилар маҳкамага йўлланди

Туркиядан олинаётган хабарларга кўра, Иброҳим Тотлисасни ўлдиришга уриниш гумони билан бир неча кун сўроқ қилинган етти гумондор ўтган якшанба куни маҳкамага йўлланган.

Уларнинг орасида таниқли бизнесмен Абдулла Ушмакнинг ҳам борлиги айтилади.

Аммо Туркия ахборот агентликларининг хабарларига кўра, у тергов жараёнида барча даъволарни рад этган.

Бизнесменга кўра, савдо марказида бошқа гумондорлар билан бирга олинган сурати мутлақ тасодифдан ўзга нарса эмас.

Истанбул Полиция бошқармасининг ёзма баёнотида билдирилишича эса, "Абдулла Ушмак ва яна уч гумондор икки маротаба қотилликка қўл уришга уринишда" айбланишмоқда.

Баёнотда даъво қилинишича, "буюртмачи" ва ижрочилар "телефон орқали" мулоқотда бўлишган. Ва "буюртмачи" полиция ходимларини чалғитиш учун ҳужумдан аввал иккита янги уяли телефон ва SIM кард сотиб олган.

Иброҳим Тотлисасга қарши уюштирилган ҳужум ортидан полиция 45 та турли манзилларга рейд уюштириб, жаъми 16 кишини ҳибсга олганди.

Улардан саккиз нафари зудлик билан қўйиб юборилган, бир нафари вояга етмаганлар ҳибсхонасига юборилган ва ўтган шанба куни яна бир киши ҳибсга олинганди.