Олмония ҳукумати учун Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари бир пул бўлганми?

Маълум бўлишича, Андижон воқеалари сабаб Ўзбекистонга нисбатан Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари амалда бўлган давр оралиғида (2005-2009 йиллар) Олмония ҳукумати Термез ҳаво базаси учун расмий Тошкентга миллионлаб евро миқдорида ҳақ тўлаб турган. Орада база учун йиллик тўлов миқдорлари ҳам ошириб борилган.

Ўзбек-Афғон чегарасида жойлашган Термез ҳаво базасихорижий иттифоқ кучлари томонидан Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни дастаклашда фойдаланилади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса, Олмония ҳукуматининг ушбу амалини иккиюзлама сиёсат сифатида танқид қилишган.

Орадан олти йил ўтган эса-да, Андижон марказидаги Бобур майдонида отиб ташланганлар сони аниқ маълум эмас.

Расмий талқинга кўра, Андижондаги хунрезликда 187 одам ҳалок бўлган, аммо ҳодиса шоҳидлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг таъкидлашича, қурбонлар сони камида бир неча юз кишини ташкил этади.

Биз танқидчилардан бири, қароргоҳи Боннда жойлашган "Овроосиё Транзийшн" гуруҳи раҳбари Михэл Лаупишга боғландик ва аввалига тўловлар борасидаги рақамлар қандай ошкор бўлгани ҳақида сўрадик:

Михэл Лаупиш: Бу асосан Олмония парламентида кечган савол-жавобларда акс этганди. Олмония партияларидан бири ҳукуматдан Ўзбекистондаги Термез базаси учун тўланган пуллар борасида сўради. Шунинг учун ҳам, Олмония ҳукуматининг бу саволга жавоб беришига тўғри келди ва ҳукуматнинг Тошкентга тўлаган тўловлари борасида маълум рақамларни ошкор қилди.

Би-би-си: Аммо, бу тўловларнинг Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жазо чораларига қанчалар алоқаси бор? Биламизки, Термез ҳарбий базаси бўйича Ўзбекистон ва Олмония ўртасидаги келишув 2002 йилда тузилган. Пул ўша келишув асосида тўлаб келинган, бу нормал ҳолат эмасми?

Михэл Лаупиш: Сиз мутлақо ҳақсиз. Бу мен учун ҳам савол бўлиб, бунга Олмония ҳукумати, Олмониядаги партиялар жавоб беришлари керак. Бир томондан, улар Андижондаги қирғиндан сўнг Ўзбекистонга қарши жазо чораларини қўллаб-қувватлашди, айни пайтда эса, улар ўзбек ҳукуматига миллионлаб евроларни Термез ҳаво базасидан фойдалангани учун бериб туришди. Биз барчамиз биламизки, Олмония Ўзбекистонга қарши жазо чораларга танқидий ва шубҳа билан қараб келганди. Ва бу Олмония парламенти ҳамда олмон ҳукуматининг ўта ғайриоддий сиёсати. Ишонаманки, яқин келажакда Олмон парламентидаги партиялар бу борада кўпроқ саволларни сўрай бошлайдилар.

Би-би-си: Лекин, Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жазо чоралари ўзбек ҳукумати билан ҳар қандай ҳарбий ва ё ноҳарбий келишувларни тўхтатиш ҳақида эмас эди. Уларга кўра, Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш ва ўн икки нафар ўзбек расмийсининг иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудларига кириши тақиқланган эди.

Михэл Лаупиш: Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жазо чоралари борасида сиз мутлақо ҳақсиз. Унда Ўзбекистон билан ҳарбий доирадаги келишувлар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Аммо, Андижон қирғинидан сўнг, Оврўпо Иттифоқининг бошқа мамлакатлари Термез ҳаво базасидан чиқиб кетишганини тилга олишимиз керак. Улар Андижон ҳодисаларидан кейин Ўзбекистондаги диктаторлик тузумига пул тўлашни исташмаганди. Оврўпо Иттифоқи таркибидаги биргина мамлакат - Олмония у ерда қолди. Тўловлар борасидаги рақамлардан бохабар бўлганимдан сўнг, айтишим мумкинки, эҳтимол, мана шунинг учун ҳам, Олмония Ўзбекистонга қарши жазо чоралари юмшатилишини талаб қилган асосий мамлакат бўлган. Бу Олмония ташқи сиёсатининг сиёсий томондан қанчалар ишончга лойиқ эканини савол остига олади.

Би-би-си: Сизнингча, Термез базасини сақлаб қолиш Олмония учун қанчалар муҳим бўлган?

Михэл Лаупиш: Олмония ҳар доим Термез ҳаво базаси олмон ҳарбийларига таъминот юкларини етказиш учун ўта муҳимлигини айтиб келади. Барча таъминот юклари ва ҳарбий аскарлар аввал Термезга келтирилади. Кейин Афғонистонга олиб ўтилади. Мана шу боис ҳукумат чегарада ҳаво базаси зарурлигини таъкидлайди. Ўтмишда бошқа мамлакатлар ҳам шундай қилишган, аммо Андижон воқеасидан сўнг, бошқа ҳаво базаларига кўчишди. Албатта, бу Термез ҳаво базасидан кўра, бироз қимматроққа тушарди. Аммо, сиз Каримовга ўхшаган диктаторни молиявий дастакламас эдингиз.

Би-би-си: Агар Олмония Термез ҳаво базасини тарк этганида бу Ўзбекистон билан муносабатларга қандай таъсир қилган бўларди?

Михэл Лаупиш: Агар улар ҳам кўпроқ жазо чоралари, айниқса, Андижон қирғини юзасидан халқаро текширувларни қаттиқроқ талаб қилишганида, Термез ҳаво базаси бой бериларди. Улар, албатта, бундай қилишдан қўрқишди. Шундан сўнг, улар бошқачароқ йўл тутишга қарор қилишди. Бу менинг фикрим.