Япония билан ўртоқлик учрашуви Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурат ЎФФ веб саҳифасидан олинди

Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг япониялик рақибларига қарши дастлабки ўртоқлик учрашуви 1:0 ҳисобига ўзбекистонликлар фойдасига ҳал бўлди.

Икки Олимпия миллий терма жамоаси тарихидаги илк ўртоқлик учрашуви 11 март куни Японияда юз берган ҳалокатли табиий офат қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланди.

Ҳар икки томон футболчилари майдонга ҳам билакларига қора тасма таққан ҳолда тушишди.

Учрашув тақдирини ҳал қилган ягона тўп ўйиннинг 13-дақиқасида Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров томонидан киритилди.

Япониялик футболчиларда ҳам ҳисобни тенглаштиришнинг қойилмақом имконияти бўлса-да, ўйинчисининг ўйиндан ташқари ҳолатда экани панд бериб қўйди.

Учрашувнинг иккинчи қисмида ҳам ҳар икки томон ҳужумга зўр беришди. Аммо улар натижасиз тугаб, ўйинда ҳисоб ўзгармади.

Шаррос ёғиб турган ёмғирга қарамай, Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган учрашувни 8.000 ишқибоз томоша қилишган.

Аммо Япониянинг ўзидан мухлислар бўлмаган. Лекин, шунга қарамай, майдонга йиғилган ўзбекистонлик ишқибозлар ҳар икки томонни бирдек қўллаб-қувватлаб туришган.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг япониялик рақибларига қарши навбатдаги ва сўнгги ўртоқлик учрашуви 29 мартга режаланган.

Ишқибозларга мазза бўлди!

Ўзбекистон Футбол Федерацияси масъуллари аввалроқ Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг Японияга қарши ҳар икки ўртоқлик учрашувига ҳам кириш текин бўлишини эълон қилишганди.

Икки Олимпия миллий терма жамоаси орасида режаланаётган ўртоқлик учрашувининг биринчиси 26 март куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган. Иккинчи учрашув эса, 29 март кунига режаланган.

"Биз ишқибозларга имкон қадар қулай шароит яратиш учун бўлажак ўртоқлик учрашувига киришни текин қилишга қарор қилдик. Яъни стадионга келган мухлисларнинг чипта олишлари шарт бўлмайди," деб айтган ЎФФнинг Миллий терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толипжонов.

Миллий терма жамоалар орасидаги ўртоқлик учрашувларининг дастлаб Японияда бўлиб ўтиши режаланган, аммо 11 март куни юз берган ҳалокатли табиий офатлар барча режаларни чиппакка чиқарган.

Япониядаги аксарият стадионларнинг қақшатқич ер силкиниши ва цунамидан зиён кўриши оқибатида Ўзбекистон томони ўртоқлик учрашувларини Тошкентда ўтказиш таклифи билан чиққанди.

Расман билдирилишича, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг қарори билан Япония миллий терма жамоаси ҳайъатининг Тошкентга келиши билан боғлиқ барча сарф-харажатларни ҳам Ўзбек томони кўтарган.

Ўзбекистонлик масъулларга кўра, бундан ташқари, Япония миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийлар гуруҳига маданий дастур ҳам намойиш этилади. Улар мазкур дастур доирасида пойтахт Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишлари мумкин бўлади.

Айнан юз берган ҳалокатли табиий офатлар сабаб Япония миллий чемпионатидаги барча ўйинлар бекор қилинган, айрим ўртоқлик учрашувлари қолдирилган, мамлакатда бўлиб ўтиши режаланган Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинлар тақдири эса, савол остида қолмоқда.

Миннатдорчилик

23 март куни томонлар иштирокида Ўзбекистон Футбол Федерациясида бўлиб ўтган матбуот анужмани ҳам Японияда юз берган даҳшатли табиий офатлар қурбонларининг хотираларига бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланган.

Япония Олимпия миллий терма жамоаси ҳайъати раҳбари Масахиро Шимода ўртоқлик учрашувларини уюштиргани учун Ўзбекистон Футбол Федерациясига ўз миннатдорчилигини ҳам изҳор этган.

Жаноб Шимода, "Япониядаги оғир вазиятга қарамай, 2012 йилги Ёзги Лондон Олимпиада Ўйинларига тайёргарликларини давом этдиришга қарор қилишгани, Ўзбекистон билан бўлиб ўтажак ўртоқлик учрашувларида ёрқин ўйин намойиш этиш истагида эканликлари"ни айтган.

Япония ҳайъати раҳбарига кўра, ўз ўйинлари билан япон халқининг даҳшатли фожеалардан ўзига келишида оз бўлса-да ҳиссаларини қўшиш ниятидалар.

Бу икки давлат Олимпия миллий терма жамоалари орасидаги биринчи ўртоқлик учрашувидир.

Япония Осиё қитъасидаги энг кучли футбол устунларидан бири саналади. Япония миллий терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубоги ўйинларида тўртинчи бор қитъа чемпионлигини қўлга киритганди. Бу каби шараф ҳали Осиё давлатларидан ҳеч бирига насиб этган эмас.

Япониялик қатор футболчилар Оврўпо футболининг таъмини яхшигина татиган ва халқаро тажрибага эга саналишади.

Миллий терма жамоага Олимпиада Ўйинлари яхши таниш - япониялик футболчилар уч маротаба ўйинларнинг чорак финалига чиқишган ва бир бор бронза медали совриндори ҳам бўлишган.

Ўзбекистон томони худди шу омилни назарда тутиб, бўлажак учрашувларда ўзларига осон бўлмаслиги, аммо ажойиб ўйин кўрсатиб, ўз ишқибозларини хурсанд қилиш ниятида эканини айтмоқда.

Япония билан ўртоқлик учрашувлари Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг 2012 йилги Ёзги Лондон Олимпиада Ўйинларига ҳозирликларининг бир қисмидир.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси яқинда Туркияда тўртта ўртоқлик учрашуви ўтказиб қайтганди.

Ўзбекистонлик олимпиячилар бўлажак Олимпиада Ўйинларининг финал босқич беллашувларига чиқиш ҳуқуқини қўлга киритиш ниятидалар.

Япония Футбол Федерациясининг билдиришича, ҳалокатли табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун 29 март куни Осакада ўзининг юлдуз футболчилари иштирокида хайрия учрашуви ҳам ўтказиш режасидалар.