Покистон Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи down.com

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлонийнинг Ўзбекистонга сафари тафсилотларидан аён бўлишича, томонлар барча, айниқса, энергия, сармоя ва савдо-сотиқ соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга ваъда беришган.

Нақлиёт соҳаси ва юклар транзитини осонлаштириш, шунингдек, ветеринария соҳаларида ҳамкорликка оид шартнома ва ўзаро англашинув меморандумини имзолашган.

Бу ҳақда Покистон ахборот агентликлари хабар тарқатишган.

Покистоннинг энергияга бўлган эҳтиёжига ишора қиларкан, жаноб Гилоний мамлакати Ўзбекистон дохил қўшни Марказий Осиё давлатларидан катта миқдорда электр энергияси сотиб олишга ҳозир эканини айтган.

Юсуф Ризо Гийлоний, ўз ўрнида, Ўзбекистон билан нефт ва газ соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишлари мумкинлигини билдирган.

Покистон Бош вазирига кўра, Гвадар ва Карочи денгиз бандаргоҳлари Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Африка,..давлатлари орасида савдо-сотиқни йўлга қўйишга хизмат қилиши мумкин.

Жаноб Гийлоний шу масала билан боғлиқ ҳолда Афғонистон, Ўзбекистон ва Покистон орасида учтомонлама савдо битимини имзолаш таклифини ҳам илгари сурган.

Покистон Бош вазири икки давлат орасидаги савдо ҳажми жорий пайтда йилига қарийб 40 миллион АҚШ долларини ташкил этиши, бу томонлар эга бўлган потенциалдан анча кам кўрсаткич экани ва ушбу соҳада ҳамкорликни жиддий кучайтиришлари лозимлигини айтган.

Ўзбекистон Бош вазири эса, бунга жавобан, томонлар ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини беш маротабага оширишлари мумкинлигини билдирган.

Юсуф Ризо Гийлоний Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам тажриба алмашишлари ва Ўзбекистон ўз мамлакати текстил саноатини сифатли пахта билан таъминлаши эҳтимоли ҳақида ҳам сўз юритган.

Покистон Бош вазири қўшма сармоя лойиҳаларини амалга ошириш ва ўз бизнес гуруҳларининг ярмаркаю кўргазмаларда иштирок этишларига кўмак бериши учун ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузишни ҳам таклиф этган.

Жаноб Гийлоний, яна шунингдек, мамлакати Ўзбекистонга хавфсизлик ва мудофаа масалаларида ҳам ёрдам беришга ҳозир эканини баён қилган.

Покистон Бош вазири ҳар икки давлат учун экстремистлар ва бошқа жиноий унсурлар солаётган хавф умумий экани, шу боис айни масалада тез-тез фикр алмашиб туриш истаклари борлигини ҳам изҳор этган.

Жаноб Гилоний ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан музокаралари чоғида Афғонистон, террорга қарши кураш ва наркотраффик устидан жиддий назорат ўрнатиш мавзусига ҳам эътибор қаратишган.

Покистон ва Ўзбекистон Бош вазирларига кўра, Афғонистонда тинчликнинг қарор топиши минтақанинг хавфсизлиги учун ниҳоятда муҳимдир.

Жаноб Гилоний Афғонистонда тинчликни қарор топтиришда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан 2008 йилда илгари сурилган "6+3" механизми мақбул эканини айтган.

Хабарларга кўра, Юсуф Ризо Гилоний Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ҳам Афғонистондан хорижий қўшинларнинг босқичма-босқич олиб чиқиб кетилиши режаси манзарасида минтақавий хавфсизлик масаласини муҳокама этган.

Ҳар икки давлат раҳбарлари Афғонистонга бевосита манфаатлари бўлгани учун у ерда тинчликни қарор топтиришда фаол ҳамкорликнинг муҳимлигини урғулашган.

Юсуф Ризо Гийлонийнинг таъкидлашича, умумий хавфни аритиш учун умумий стратегия лозим бўлади.

Покистон Бош вазири мамлакатининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлиқ аъзо бўлишида Ўзбекистоннинг дастагига кўз тикаётганини ҳам яширмаган.

Юсуф Ризо Гийлонийнинг Ўзбекистонга сафари бугун ўз ниҳоясига етади. Унга Покистон Қишлоқ хўжалик вазири, Хусусийлаштириш вазири ва Ташқи ишлар вазирлари ҳамкорлик қилишмоқда.

Томонлар норасмий мулоқотлари чоғида мухбирларга кечаги музокараларининг "олиймақом" ўтганини ҳам баён қилишган.

Покистон Бош вазири Тожикистон ва Қирғизистонга қилган сафари ортидан Ўзбекистонга ташриф буюрган.